Ўзбекистон | 19:53 / 11.11.2023
9340
2 дақиқада ўқилади

Президент соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини байрам билан табриклади

Шавкат Мирзиёев ноябр ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган «Тиббиёт ходимлари куни» муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман», дейилади табрик сўзининг бошида.

Президент «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришларни амалга ошириш режа қилингани, жумладан, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробар ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, Ўзбекистонни сил хасталигидан холи мамлакатга айлантириш устувор вазифа эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, аҳоли ўртасида мустаҳкам саломатлик гарови бўлган соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилишини айтди.

«Ўз қасамёдига, касби ва бурчига садоқат билан меҳнат қилаётган, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимиз анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар бундан буён ҳам шу эзгу йўлда бор билим ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман. Сизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт-саодат тилайман», дейилади табрик сўзи якунида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид