Жаҳон | 17:25 / 20.11.2023
27926
6 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги «совуқ уруш». Эрон ва Саудия муносабатларидаги зиддиятли жиҳатлар 

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик алоқалар қайта тикланган бўлса-да, структурали зиддиятлар йўқолгани йўқ. Ислом динига эътиқод қилувчи бу икки қудратли давлат ўртасидаги низо сабаби нимада ва у қандай пайдо бўлган?

Фото: Kun.uz

Эрон ва Саудия Арабистони қарийб ярим асрдан буён минтақадаги етакчиликни ўз қўлига олиш учун рақобат қилиб келади. 2016 йил январида Эрон расмийлари Саудияда шиа руҳонийси Нимр ан-Нимранинг қатл этилишини танқид қилгани ва Теҳрондаги қироллик элчихонаси ёқиб юборилганидан кейин расмий Ар-Риёд Эрон билан дипломатик алоқаларини узганди. Жорий йил март ойида Хитой воситачилигида икки давлат ўртасида ярашув жараёни бошланди. Мамлакатлар дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олишди. Шундай бўлса-да, Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларни исталган пайтда кескинлаштириб юбориши мумкин бўлган бир қатор омиллар мавжуд.

Диний тафовут. Ҳудудида ислом дини дунёга келган Саудия Арабистони тарихан ўзини ислом олами етакчиси деб ҳисоблаб келади. Эрон эса асосан шиалардан таркиб топган мамлакат. Икки томонлама қарама-қаршилик бошланиши 1979 йилга тўғри келади. Эронда ғарбпараст Шоҳ Муҳаммад Паҳлавий тахтдан ағдарилади ва ислом республикаси ташкил этилади. Сиёсий ҳокимият оятуллоҳ бошчилигидаги диндорлар қўлига ўтади.

Шундан сўнг Теҳрон хориждаги шиа гуруҳлари ва партияларини қўллаб-қувватлай бошлайди. Ислом инқилобини бошқа мусулмон мамлакатларга экспорт қилиш кенг миқёсда тарғиб қилина бошланади. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Кувайтда маҳаллий режимларга қарши шиалар ҳаракати кучаяди.

Ар-Риёд доимо Эрон Яқин Шарқдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, етакчига айланишидан хавфсираб келади, шиалар давлати таъсири кенгайишини истамайди. Чунки, Теҳроннинг «Шиа ярим ойи» (Shia crescent) концепциясини Саудия Арабистони ўз ҳудудий яхлитлигига таҳдид деб билади. Саудия аҳолисининг 10-15 фоизини шиалар ташкил этади ва улар мамлакатнинг нефтга энг бой бўлган шарқий вилоятларида яшайди. 

Минтақадаги етакчилик учун кураш. Форслар Эрондан тортиб то Ўрта Ер денгизигача чўзилган ҳудудда назоратни қўлга киритиш учун минтақадаги етакчи кучга айланишга интилиб келади. Айниқса, Ироқда Саддам Ҳусайн режими ағдарилишидан кейин расмий Теҳроннинг таъсир доираси сезиларли даражада кенгайди. Бу эса бир қанча нуқталарда Саудия ва Эрон манфаатлари тўқнашишига сабаб бўлмоқда.

Эрон ва Саудия Арабистони шу пайтга қадар бир-бири билан бевосита уруш олиб бормаган. Асосан улар томонидан қўллаб-қувватланаётган кучлар минтақадаги қуролли тўқнашувларда қатнашиб келади.

Масалан, Яманда 2014 йил августдан бери фуқаролар уруши давом этиб келмоқда. Ушбу ихтилофда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаб келади. Эрон эса мамлакатдаги шиалар жамоаси ҳисобланувчи исёнчи ҳусийчиларга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатади.

Ўз навбатида, Саудия Арабистони Сурияда Башар Асадни ағдариш учун кураш олиб бораётган кучларни қўллаб-қувватлайди. Башар Асад эса Эроннинг асосий иттифоқчисидир. Теҳрон Асадни шиаларнинг алавийлар тармоғига мансублиги учун ҳам қўллайди. Сурия Эрон учун Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини қурол-яроғ билан таъминлашдаги йўлак сифатида ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, Эрон Саудия Арабистонини Ливандаги вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилишда айблайди, бу ерда ҳукумат асосан шиалардан иборат «Ҳизбуллоҳ» томонидан шакллантирилади.

Бу борада Саудия Арабистонининг иттифоқчилари қаторида сунний давлатлар – БАА, Кувайт, Баҳрайн, шунингдек, Миср ва Иорданияни кўрсатиш мумкин.

Сурия ҳукумати, Ливан ва асосан шиалардан иборат Ироқ ҳукумати ҳам Эроннинг яқин иттифоқчилари ҳисобланади.

Геостратегик шериклар турличалиги. Саудия Арабистони АҚШнинг ислом дунёсидаги асосий араб иттифоқчиси ҳисобланади. Эрон Яқин Шарқ минтақаси узоқ вақт давомида АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан эксплуатация қилинган ва Саудия Арабистони бунда катта рол ўйнаган деб билади ҳамда АҚШни ўзининг асосий душмани деб ҳисоблайди.

Саудия Арабистонида АҚШ ҳарбий базалари мавжудлиги Қўшма Штатларни биринчи рақамли душман деб ҳисоблаган Теҳрон режими учун хавотирли омил ҳисобланади. Ўз навбатида,Ар-Риёд Эроннинг ядро қуролига эга бўлиш томон интилишларини кекин қоралайди ва ўзига нисбатан таҳдид сифатида баҳолайди. Америка ҳарбий базаларининг мамлакат ичида мавжудлигини ҳам шу омил билан изоҳлайди.

Охирги йилларда Ғарб давлатларининг Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлаши, Россиянинг эса Эронга ёрдам кўрсатаётгани вазиятни янада мураккаблаштирди. Чунки Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар тўлақонли мудофаа соҳасидаги ҳамкорликка айланиб кетди. Эрон Россия технологияси ва мутахассислари ёрдамида ўз ядровий дастурини ривожлантираётгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

Нефт омили. Саудия Арабистони ҳам Эрон ҳам йирик нефт ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи давлатлардир. Бозорлар ва нефт нархларини назорат қилиш учун рақобат ҳам уларнинг муносабатларига таъсир қилади. Шу сабабдан ҳам охирги пайтларда Хитой ушбу мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар нормаллашувида катта рол ўйнамоқда. Чунки Пекин энергия ресурсларининг глобал миқёсдаги энг катта истеъмолчиларидан бири ҳисобланади ва барқарор энергия таъминотидан энг кўп манфаатдор мамлакат.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, айни пайтда икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар қайта тикланган бўлса-да, структурали зиддиятлар йўқолгани йўқ.

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид