Иқтисодиёт | 18:12 / 22.11.2023
34575
3 дақиқада ўқилади

Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика ислоҳоти орқали нималарга эришилиши ҳақида гапирди

Ўзбекистонда 2028 йилгача электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозорларини шакллантириш мақсад қилинган. Якуний босқичда электр энергиясини сотиб олиш бўйича давлат кафолатини бериш тўхтатилади. Режага кўра, тармоқ фойдага чиқиши, натижада соҳага давлат кафолатисиз ҳам хусусий маблағлар кириб кела бошлаши, рақобат пайдо бўлиб, таннарх тушиши керак.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 22 ноябр куни Қонунчилик палатасида соҳада қилинаётган ишлар ва режалар ҳақида ахборот берди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда 14 та янги электр станцияси ишга тушиши ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш 22 фоизга (60,7 млрд kWh'дан 74,3 млрд kWh'га) ошган.

Республика истеъмолчиларига етказиб берилган электр энергияси 32 фоизга (47,3 млрд kWh'дан 62,3 млрд kWh'га, шундан аҳолига 6,3 млрд, иқтисодиёт тармоқларига 8,6 млрд kWh'га) кўпайган.

Жорий йилнинг бошидан бугунги кунга қадар умумий қуввати 673 MW бўлган 6 та лойиҳа доирасида 4 та ГЭС, 1 та ИЭС ва 1 ҚЭС ишга туширилган. Йил якунигача умумий қуввати 2000 MW'га яқин бўлган 8 та лойиҳа ишга туширилади ва умумий ишлаб чиқариш қуввати 18 751 MW'га етказилади.

“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу лойиҳаларнинг барчаси давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириляпти, яъни тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиняпти”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Вазирга кўра, энергетикада ДХШ асосида имзоланган инвестиция битимларининг умумий қиймати 17,7 млрд долларга етган.

Энергетика вазирлиги раҳбари электр энергиясини эркин бозор моделига ўтишнинг илк босқичи – амалдаги ягона харид қилувчи модели яратилганига ҳам тўхталди.

“Ислоҳотларнинг кейинги босқичида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа нуфузли халқаро институтлар ва хорижий консултантлар билан бирга 2028 йилга қадар электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозорларини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилди. Натижада президентимизнинг жорий йил 28 сентябрдаги ПФ-166 сонли фармонлари билан рақобатли бозорга ўтиш концепцияси тасдиқланди ҳамда энергетика бозори регулятори ташкил этилиши белгиланди”, – деди у.

Мирзамаҳмудовнинг айтишича, ислоҳотларнинг якуний босқичида рақобатли электр энергетика бозорига ўтиш орқали қуйидагиларга эришилади:

1. Электр энергиясининг улгуржи нархи мақбуллаштирилади.

2. Давлат-хусусий шериклиги бўлмаган хусусий станциялар қурилиши сабабли давлат кредит рейтингига босим берувчи, электр энергиясини сотиб олиш бўйича давлат кафолатларини бериш тўхтатилади.

3. Тармоқ операторлари фойдага чиқиши натижасида давлат кафолати талаб қилинмайдиган корпоратив кредитлар жалб қилишга имкон яратилади.

4. Рақобат натижасида электр станциялари ва чакана савдо компаниялари ўз-ўзидан таннархни туширишдан манфаатдор бўлади.

5. Аҳолига ижтимоий ҳимояли тарифлар сақлаб қолинади.

“Кейинги босқичда, Ўзбекистон–2030 стратегиясига мувофиқ, худди шундай ислоҳотлар табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимида ҳам амалга оширилади”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Маълумот учун, Ўзбекистон–2030 стратегиясида табиий газ бозорини яратиш кўзда тутилмаган. Ҳужжатга кўра, 2030 йилга бориб табиий газ қазиб олиш ҳажмини 62 миллиард куб метрга етказиш, электр энергияси ва табиий газни тақсимлаш, генерация қилиш ва истеъмолчига етказиш инфратузилмасини модернизация қилиш мақсад қилинган.

Мавзуга оид