Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 сентябр куни Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги М-25 конида водород сулфид юқори бўлган газ чиқиши бошланган ҳодиса ҳали бартараф қилинмаганини маълум қилди. У бу ҳақда Lolazor подкастида айтиб берди.
Ҳозирда конда вазият қандай, нималар қилинмоқда?
Вазир кон ҳали ҳам ёпилмагани, ҳозир у ерда хорижлик мутахассислар ишлаётганини таъкидлаган. У Ўзбекистонда бунақа йирик техноген ҳодисалар 6 марта рўй бергани, уларни бартараф этиш 3 ойдан 6 ойгача вақт олишини қайд этди.
«Чунки босим юқори, у ердаги [М25 конидаги] техноген [вазият] бўлгандан кейин ўша нарсани синдириб юборган, ёрворган. То уни ёпгунча ҳам ҳар хил усуллари қилинади. Биринчи, унинг устига “заглушка” қўйилиб ёпилди. Лекин таркибида юқори даражада водород сулфиди бўлган газ бўлгани учун емириб юборган ерларидан қайта сизиб чиқиб кетди. Ҳозир ўша ерини ёпиш бўйича ишлар кетяпти. Параллел қолган вариантлар кўриляпти.
Ҳозирги тузилган режа бўйича камида 2-3 кунлик яна тайёргарлик ишлари бор, чунки имитация қиляпти, турли ускуналар олиб келинди, хавфсизлик [чоралари] кўрилди. Америкадан мутахассислар келди, Cudd Well Control дунёдаги биринчи рақамли авария ҳолатларини бартараф қиладиган компания бор, Halliburton келди, Schlumberger’ни чақирдик, Озарбойжоннинг Socar компанияси бригадаси келди.
Улар ҳам ҳамма иш режасини кўриб, кўрилаётган чоралар тўғри эканини тасдиқлади, қўшимча ускуналар олиб келинди. Фақат технологик тараф: босим юқори ва у ерда фақат тегишли ниқоблар билан ярим соатдан кўп ишлаб бўлмайди. Чунки кислород баллонлари ярим соатга етади, кейин бригадалар алмашадиган тизим қилинган. Шу орқали ҳозир бартараф этиш чоралари кўриляпти.
Зарарни камайтириш мақсадида бир қисм газ чиқариб ёқиб юборилди. Ҳозир шу чоралар кўриляпти. 2-3 кундан кейин мосламани ўрнатишади, ёпишга ҳаракат қилиб ёпа олса, яхши. Бўлмаса кейинги сценарийларга кўра қудуғини очиб, ёнидан қўшимча қудуқ бурғилаб, шу орқали ёпишга ҳаракат қилинади. Бу 2-3 ой вақтни олиши мумкин», – деди Мирзамаҳмудов.
Одамларга қандай ёрдам қилинди?
Суҳбат давомида иқтисодчи Отабек Бакиров жамоатчиликнинг асосий эътирози табиий офат билан боғлиқ эмаслиги, кўплаб норозиликлар ахборот таъминоти ҳамда Бойсун аҳолисига зарур бўлган ёрдам кўрсатилмагани сабаб янграганини қайд этди. Бунга жавобан Жўрабек Мирзамаҳмудов реал вазият бошқача эканини билдирган.















