ҲАМАС ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони авиазарба оқибатида ҳалок бўлди
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант шиддатли жанглар камида яна икки ой давом этишини айтди.
Исроил армияси Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнис шаҳрида ҲАМАС ташкилоти ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Амар Абу Жалолни йўқ қилди, деб хабар берди Исроил мудофаа кучлари 23 ноябр, пайшанба куни Telegram-каналида.
Унга ҳаво ҳужуми уюштирилди ва у билан бирга ҲАМАСнинг яна бир денгиз зобити ҳалок бўлди; маҳкама унинг шахсини очиқламади. Исроил маълумотларига кўра, Амар Абу Жалол денгиз ҳужумлари ташкилотчиларидан бири бўлган.
Исроил мудофаа вазири: жанглар камида икки ой давом этади
24 ноябр куни эрталаб тўрт кунлик сулҳ бошланиши керак. Томонлар гаровга олинганларни маҳбусларга алмаштириш ҳақида келишиб олди. Тел-Авив келишув шартлари бажарилгач, жанглар тўлиқ қувватда давом этишини билдирди.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант, хусусан, ҲАМАС билан вақтинчалик сулҳ тугаганидан кейин ЦАҲАЛ кучлари камида яна икки ой давом этадиган шиддатли жангларни давом эттиришини айтди. Унинг сўзларига кўра, сулҳ даврида Исроил қўшинлари янги жангларга тайёргарлик кўриши ва қурол-яроғлар захираларини тўлдириши керак.
ЦАҲАЛ вакили бригада генерали Даниэл Хагарининг таъкидлашича, Ғазо сектори шимолий қисми устидан назорат ўрнатиш узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатларнинг фақат биринчи босқичидир.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 14 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
22:56 / 15.11.2024
Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
17:46 / 10.11.2024
Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачиликни тўхтатди
11:31 / 22.10.2024
Драмага айланган ўлим: Исроил Синвар жасадини тирикларга алмашмоқчи
17:40 / 21.10.2024