Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони делегацияси билан шерикликни ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилди
Вазир Ҳолид ал-Фалихни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ва ҳар томонлама кўмаги учун “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябр куни Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Саудия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг кўламли шерикликни янада кенгайтириш, шу жумладан олий даражадаги келишувларни сўзсиз амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида инвестициялар вазири Ўзбекистон етакчисига Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда валиаҳд, бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини йўллади.
Давлат раҳбари кейинги йилларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари, Ўзбекистон иқтисодиётига, энг аввало “яшил” энергетика соҳасига Саудиянинг тўғридан тўғри инвестициялари ҳажми, авиақатновлар сони ортиб бормоқда.
Саудия тараққиёт фонди кўмагида соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва бошқа йўналишларда бир қатор ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшма фонд ташкил этилмоқда.
Саудия делегациясининг бу галги ташрифи доирасида кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, IT ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида 12 миллиард долларлик ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.
Республика турли ҳудудларидаги йирик энергетика лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, транспорт инфратузилмаси ва коммунал хўжалиги, геология, ирригация, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, олий таълим, меҳнат миграцияси бўйича умумий қиймати 11 миллиард долларлик янги лойиҳа ва дастурларни илгари суришга келишиб олинди.
Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантиришда энг катта сармоядор ва стратегик ҳамкор бўлган “ACWA Power” компанияси билан сермаҳсул ҳамкорлик алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда компания билан биргаликда қиймати 7,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Президент Сирдарё вилоятида 1,5 гигаватт қувватли замонавий иссиқлик электр станциясининг фаолияти ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари бошланаётганини олқишлади.
Шунингдек, вазир Ҳолид ал-Фалихни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ва ҳар томонлама кўмаги учун “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мавзуга оид
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
18:01 / 10.11.2024