ФВВ ва Адлия вазирлиги сохта «пожарний»лардан огоҳлантирди
Қиш келиши билан мўрилар ва газ плиталарни ёнғин хавфсизлигига қарши текшириш баҳонасида маҳалла кезувчи, аҳолидан бир қараганда арзимаган пул йиғувчи «сохта ўт ўчирувчилар» кўпайиб қолади. ФВВ ва Адлия вазилиги уларга пул бермаслик кераклигидан огоҳлантирди.

Фото: Kun.uz
Ҳа, қиш келиши билан ис гази, дудбуронлар, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўпаяди. Ора-сирада ўлим ҳолатлари ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Одамларни бу борада ҳушёрроқ бўлишга ундаш керак. Лекин бу борада давлат ташкилотларининг ўзи ТВ, радио ва даврий ҳамда онлайн матбуот орқали тарғиботни кучайтириши лозим.
Бундай ходимлар шахсан ўзимга ҳам дуч келишган. Маҳаллани кезиб, «уйингиздаги газ плиталарини ва қўшконтурли қозонхонани ёнғин хавфсизлигига қарши текширишимиз керак», дейишган. Устида ҳарбий камуфляж форма. Қўлтиғига папка қистирган. Ҳужжат сўрасангиз — Ўзбекистон байроғи фонига чиройли қилиб битилган хизмат гувоҳномасини ҳам кўрсатади. Улар йиллик қанақадир тўлов учун 25 минг сўм талаб қилган. Гувоҳномасини телефонимда расмга олмоқчи бўлганимда қўлимдан суғуриб қочгани ёдимда.
Бундай «сохта пожарний»лардан огоҳлантириб, телеграм-ботимга ҳам мурожаат келиб тушган эди.
«Охирги вақтларда аҳоли хонадонларига гўёки ўзларини «пожарний» ходимлари, дея таништириб уй ичидаги газ плита, иситиш тизимларини кўздан кечириб ўзларича маслаҳатлар бериб пул ундириб юрган фирибгарлар кўпайиб бормоқда.
Аслида булар пожарнийга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар «Ёнғинга қарши кураш, ёнғиннинг олдини олиш» ва яна алламбало сўзларидан устомонлик билан фойдаланиб, МЧЖлар ташкил қилиб ўзларига хизмат гувоҳномалари ясаб олишган.
Содда халқимиз эса ҳарбий либосдаги бундай кимсаларнинг хизмат гувоҳномасини сўрамайди, сўраса хам ўша «ёнғин» сўзини кўриши билан «бўлди, ҳақиқатан пожарний ходими экан», деган фикрга боради. Бир неча бор органларга мурожаат қилдим, лекин булар «биз хусусий фирма сифатида хизматимизни таклиф қилдик», дея қутулиб кетишяпти».
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ана шундай, соҳага мутлақо алоқаси бўлмаган, ноқонуний фаолият олиб бораётган, аҳолидан пул йиғаётган «сохта ходим»лардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
«Сўнгги йилларда, асосан куз-қиш мавсуми бошланиши билан мамлакатимиз бўйлаб, айниқса, ҳудудларда махсус кийим-бошдаги шахслар ўзларини «давлат ёнғин назорати органи («пожарний») ходими» сифатида таништириб, фуқаролардан 20 минг–40 минг сўм атрофида «йиллик тўлов» қабилида турли миқдордаги пул маблағларини мажбурий тарзда ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Ушбу ҳаракатлар турли шаклда ташкил этилган, асосан номида «ёнғин», «олов», «қарши кураш», «хавфсизлик», «ҳимоя» каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириб келинаётгани маълум бўлди.
Шунга ўхшаш вазиятлар юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги юқорида қайд этиб ўтилган шахсларнинг ФВВ фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, шу билан бирга, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигини маълум қилади».
Адлия вазирлиги ҳам айрим шахслар томонидан ўзларини «давлат ёнғин назорати органлари ходими» сифатида таништирган ҳолда ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиши ноқонунийлигини маълум қилган.
Ҳозирда юртимизнинг турли ҳудудларида фавқулодда вазиятлар, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Уларнинг низомларида ҳам фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан аҳолига хизмат кўрсатиш вазифалари белгиланган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан қуйидагиларга эътибор қаратишни сўраган:
· хонадонга келиб, ўзини ФВВнинг қуйи тизимларига ўхшаш ташкилотлар номлари билан таништирган шахслардан, биринчи навбатда, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишини сўраш;
· уларнинг фаолият тури ҳамда қандай хизматлар кўрсатиши ва ишларни бажаришларига аниқлик киритиш;
· улар томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат фуқаро розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлигини унутмаслик!
«Агар, шахс хизмат кўрсатмасдан ва сиз ёки оила аъзоларингизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, сиздан мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишингиз мумкин», — дейилади ФВВ хабарида.
Адлия вазирлиги эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209–1-моддасига кўра формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик белгиланганини эслатган.
Юқорида матни келтирилган мурожаатчи рўйхатга олишда фирма номларида ёнғин, ўт ўчириш каби сўзлардан фойдаланишни тақиқлашни таклиф этган.
«МЧЖ, ХК, ОК ва фирмалар очишда уларнинг номида «ёнғин» сўзидан фойдаланишни тақиқлаш керак. Ўзи бу тўғрида тартиблар бор: фойдаланиш мумкин бўлмаган сўзлар ва номлар белгилаб қўйилган. Шулар қаторига «ёнғин» сўзини ҳам қўшиш керак. Шу масалани ўрганиб бир мақола чиқаринг. Зеро, халқимиз фирибгарларга чув тушмасин», — дея таклиф билдирган мурожаатчи.
Балки бу ҳам фирибгарликни касб қилиб олганларга қарши таъсирли чора бўлар. Балким ўйлаб кўриш керак. Чунки ҳар йили огоҳлантиришлар эълон қилинаётгани, қаерлардадир чоралар кўрилаётганига қарамасдан бундай «сохта ходим»ларнинг пайи қирқилмаяпти.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади
Тавсия этамиз
Иш стажи етарли бўлмаса ҳам пенсия тайинланадими?
Ўзбекистон | 10:03 / 31.05.2025
Энг кўп туғилиш қайд этилган ҳудуд маълум қилинди
Ўзбекистон | 11:34 / 30.05.2025
Алонсо «Реал»да. Энди ким ўзгаради – клуб ёки мураббий?
Спорт | 11:37 / 29.05.2025
Чет эллик жангчилар, хусусан ўзбеклар Суриядан қувиладими?
Жаҳон | 21:35 / 28.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Курск областида ҳам кўприк қулади
Жаҳон | 11:21
-
NYT: Илон Маск Трампнинг сайловолди кампанияси вақтида гиёҳванд моддалар истеъмол қилган
Жаҳон | 09:00
-
Тожикистондан 16 кг гиёҳвандлик воситаси олиб келган шахсга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистон | 08:28
-
Брянскда йўловчи поезд устига кўприк қулади. Қурбонлар бор
Жаҳон | 05:14
Мавзуга оид

10:12 / 27.05.2025
Қамчиқда юк машинаси ва Gentra хандаққа тушиб кетди

21:32 / 19.05.2025
Бойсуннинг келажаги нима бўлади? ФВВ масъули изоҳ бера олмади

17:00 / 03.05.2025
Норин дарёсидаги оролчада қолиб кетган қурувчилар қутқарилди

16:35 / 06.04.2025