Фан-техника | 19:04 / 01.12.2023
54635
2 дақиқада ўқилади

Tesla Cybertruck электромобилини етказиб бериш бошланди 

Биринчи харидорлар уни 4 йил кутишди. 

Фото: Tesla

Илон Маск Tesla Cybertruck электромобилини етказиб бериш бошланганини расман эълон қилди. Тақдимотдан тўрт йил ўтгач, биринчи электромобиллар ўз эгаларига топширилади. 

Уч моторли Cybertruck 2,6 сонияда 100 км/соат тезликка эришади, тўлиқ қувватда 550 км масофани босади, максимал тезлиги эса 210 км/с. Ушбу тўлиқ модификация нархи 99990 долларни ташкил қилади, орқа ғилдираклари тортадиган стандарт модел 60990 долларга сотилади. 

Cybertruck стандарт версияси тўлиқ қувватда 402 км масофани босиб ўтади, 6,5 сонияда 100 км/соат тезликка эришади. Максимал тезлик 180 км/соат. Шунингдек, 4,1 сонияда 100 км/соат тезликка эришадиган ва 547 км масофа босадиган оралиқ модел ҳам бор. Унинг нархи 79990 долларга тенг. 

Tesla тақдимот давомида Cybertruck электромобилининг бир қанча ўзига хос хусусиятларини санаб ўтди. Биринчидан, у зангламайдиган пўлатдан ясалган, яъни коррозияга дучор бўлмайди. Шунингдек, у бўялмаган, оғир йўл шароитида фойдаланганда унинг қандайдир шикастланишидан хавотирга тушмаса ҳам бўлади. 

Cybertruck жуда бардошли ва ишончли электромобил, ундан «ҳар қандай сайёрада» фойдаланиш мумкинлиги таъкидланмоқда. Cybertruck ўқ ўтказмайдиган кузовдан ясалган, электромобил эшиклари автомат ўқларига бардош бера олади. 

Биринчи электромобилларни етказиб бериш эркин савдолар бошланганини англатмайди. 

Cybertruck эркин савдоси 2024 йилда бошланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид