15:45 / 04.12.2023
37863

«Сити»да яна драма, Феликс «Атлетико»дан ўч олди. Кун ўйинлари

АПЛда тур ўйинида ҳакамлик можароси, «Ливерпул» ақл бовар қилмас камбэк намойиш этди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Тоттенҳэм» «Арсенал»га ёрдам бериб юборди

«Манчестер Сити» – «Тоттенҳэм» 3:3
Голлар:
0:1 – 6 Сон Ҳён Мин, 1:1 – 9, автогол Сон Ҳён Мин, 2:1 – 31 Фоден, 2:2 – 69 Ло Челсо, 3:2 – 81 Грилиш, 3:3 – 90 Кулусевски.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Гвардиол (Аке, 87), Аканжи, Бернарду Силва, Родри, Фоден (Льюис, 73), Доку (Грилиш, 52), Ҳоланд, Алварес (Ковачич, 87).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Дэвис, Эмерсон, Удоджи, Ло Челсо (Скипп, 79), Биссума (Ришарлисон, 87), Кулусевски, Сон Ҳён Мин, Ҳил (Ҳейбьерг, 46), Жонсон (Донли, 90).
Огоҳлантиришлар: Родри (34), Удоджи (38), Грилиш (61), Порро (74), Гвардиол (84), Кулусевски (90), Эмерсон (90), Ҳоланд (90).

Кучли рақибларга қарши кетма-кет ўйнашига тўғри келаётган «Сити» «Тоттенҳэм» билан ўйинда дуранглар сериясини давом эттирди. Ҳафта ўртасида «Лейпциг»га қарши ўйинда биринчи бўлимни 0:2 ҳисобида бой берган Гвардиола жамоаси бу сафар ҳам биринчи бўлиб гол ўтказиб юборди.

«Сити» дастлабки беш дақиқада «Тоттенҳэм»ни майдоннинг иккинчи қисмида қамал қилиб қўйган ва кучли прессинг туфайли меҳмонларга нимадир қилишга имкон бермаётганди. Бурчакдан тўп ўйинга киритилганда лондонликлар тўлиқ таркибда жарима майдони ичида тўпланганди, аммо саноқли сонияларда рақиб жарима майдонига етиб боришди. Сон ўткир бурчакдан туриб зарба беришга қарор қилди ва Эдерсон дарвоза марказига келган тўпни ўтказиб юборди.

138 сония ўтиб Сон яна гол урди, аммо бу сафар кореялик ҳужумчи жарима зарбасидан кейин ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Бу Соннинг «Тоттенҳэм»даги 387 ўйинда илк автоголи бўлди.

Ҳоланднинг эса ўйини чиқмади. У бир неча қулай вазиятлардан фойдалана олмади, лекин унинг жамоадошлари вазиятлар кетидан вазият яратаверишди, бўлим ўрталарида Фоден жамоасини олдинга олиб чиқди – 2:1, Докунинг зарбаси тўсин ва устун кесишган жойга борди, Алвареснинг зарбаси – устунга. «Сити» биринчи бўлимнинг ўзидаёқ барчасини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо ўхшамади – жамоа вазиятлардан фойдаланишда оқсади.

Иккинчи бўлим бошида Гвардиола майдонда энг фаоллардан бўлиб турган Докуни майдондан олди, белгиялик футболчи оғриқ сезгани учун алмаштирилди, бошқа томондан бу алмаштириш орқали мураббий ўйинни тинчлантиришга, тинимсиз ҳужум қилмасдан, тўпни ушлашга аҳамият қарата бошлади. Майдонга тушган Грилиш эса дарҳол «Тоттенҳэм» футболчилари тўпни ўйинга киритмоқчи бўлганида, уни тепиб юборгани учун огоҳлантириш олди. Бу Грилишнинг АПЛ жорий мавсумидаги бешинчи сариқ карточкаси бўлди. Энди ушбу вингер кейинги турда – айни вақтда турнир жадвалида тўртинчи ўринда келаётган «Астон Вилла»га қарши сафарда кечадиган учрашувни ўтказиб юборади. Худди шу куни олдинроқ бешинчи карточкани олган жамоа етакчиси Родри каби.

Биринчи бўлимда кўкка совурилган вазиятлар танаффусдан сўнг «Сити»га ўз таъсирини ўтказди. Ло Челсо рақиб жарима майдони яқинида Сондан тўпни қабул қилиб олиб, олдинга бир неча қадам ташлади ва тўсин остидан аниқ зарба йўллади – 2:2! Шундан кейин меҳмонлар «Сити»ни жарима майдони ичига қамаб қўйди, бунақаси сўнгги йилларда кузатилмаганди. Бошқа томондан, лондонликлар ўзига ҳаддан ташқари ишониб юборди ва 81-дақиқада Биссума ўз жамоаси жарима майдони яқинида финт қилишга киришиб, тўпни йўқотди, Ҳоланднинг узатмасидан кейин Грилиш бу мавсумдаги илк голини нишонлади – худди ғалаба голини ургандек.

Аммо «Тоттенҳэм» жавоб қайтаришга куч топа олди. 90-дақиқада Жонсон чап қанотдан тўп ошириб берди ва Кулушевски бош билан аниқ зарба йўллади. Бу гол ўйиндаги сўнггиси бўлиб қолди. Бош ҳакам Саймон Ҳупер «Сити»ни жуда қулай вазиятдан маҳрум қилгани учун ҳам. Қўшимча дақиқаларда «шпорлар» футболчиси майдон марказида Ҳоландни йиқитди, аммо норвегиялик ҳужумчи ўрнидан туриб, тўпни олдинга узатди, Грилиш дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетаётганида эса ҳакам ўйинни тўхтатиб, жарима зарбаси белгилади.

Ҳолбуки у аввалига тўп мезбонларда қолгани учун қўли билан ўйинни давом эттиришга ишора қилганди.

Катта эҳтимол билан у Грилиш офсайдда қолиб кетган деб ҳисоблаган ва тўп мезбонларда қолиши учун ўйинни тўхтатган. «Сити» футболчилари эса уни ўраб олиб изоҳ талаб қила бошлашди.

Ҳакам кейинги дақиқаларда Скипп жарима майдони ичида Аканжини ушлаб қолганида ҳам пеналти бермай «шаҳарликлар» футболчилари эътирозларига сабаб бўлди.

ОАВ маълумотига кўра, Англия футбол ассоциацияси бош ҳакам билан вазиятда тажовузкор ҳаракатлар қилган Эрлинг Ҳоландга айблов эълон қилган. Футболчининг ижтимоий тармоқдаги пости ҳам эътибордан четда қолмаган.

Шу тариқа, «Сити» бу турдан кейин учинчи ўринга қулади ва пешқадам «Арсенал»дан уч очкога ортда бормоқда.

«Тоттенҳэм» эса қаторасига тўртинчи ўйинда ғалаба қозона олмаган бўлса-да, «Эмирейтс»даги бундай натижа лондонликларни хафа қилмагани аниқ.

«Борнмут» – «Астон Вилла» 2:2
Голлар:
1:0 – 10 Семено, 1:1 – 20 Бэйли, 2:1 – 52 Соланке, 2:2 – 90 Уоткинс.
«Борнмут» – Нето, Смит, Сенеси, Забарный, Керкез (Мифем, 83), Кристи, Кук, Таверне, Клюйверт (Биллинг, 70), Соланке, Семено (Синистерра, 71).
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса (Кэш, 74), Диего Карлос, Пау Торрес, Дин (Морено, 74), Дуглас Луис, Макгинн (Дуран, 65), Тилеманс, Бэйли (Диаби, 74), Дзаниоло (Рэмзи, 46), Уоткинс.

Кўп йиллардан буён илк бор Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринларга чиққан «Астон Вилла» «Борнмут» майдонида қоқилди. Унаи Эмери жамоаси ютқазиши ҳам мумкин эди ва фақат 90-дақиқада Уоткинс бош билан йўллаган аниқ зарба эвазига дурангга эришди. Ушбу форварднинг бирмингҳемликлар натижаларидаги ҳиссаси улкан — у бу мавсумда 8 гол уриб, 6 голга узатма берган. Кейинги турларда «Вилла Парк»да «Манчестер Сити» ва «Арсенал» меҳмон бўлади. Шу турларда жамоа ҳақиқий синовдан ўтади. Эътиборлиси, «канонирлар» ушбу жамоа майдонида очко ололган сўнгги жамоа бўлиб турибди. 18 феврал кунги ўйинда Артета шогирдлари 0:2 ҳисобидан чиқиб кетиб, сўнгги дақиқаларда ҳисобни 4:2 кўринишига келтирганди, шундан кейин «Вилла» уй учрашувларида 13 ғалабадан иборат серия қайд этди.

«Ливерпул» – «Фулҳэм» 4:3
Голлар:
1:0 – 20, автогол Лено, 1:1 – 24 Уилсон, 2:1 – 38 Мак Аллистер, 2:2 – 45 Тете, 2:3 – 80 Декордова-Рид, 3:3 – 87 Эндо, 4:3 – 88 Александер-Арнолд.
«Ливерпул» – Келлеҳер, Александер-Арнолд, Матип (Конате, 69), ван Дейк, Цимикас, Собослаи (Гакпо, 64), Мак Аллистер (Гомес, 65), Гравенберҳ (Эндо, 83), Салоҳ, Диас, Нунес.
«Фулҳэм» – Лено, Тете (Кастан, 75), Рим, Басси, Робинсон, Рид, Уилсон (Кэрни, 62), Перейра (Виллиан, 62), Палиня, Винисиус, Ивоби (Декордова-Рид, 75), Ҳименес.

Бу турдаги очко йўқотишдан кейин «Вилла» «Ливерпул»ни олдинроққа ўтказиб юборди. Қизиллар Юрген Клопп даврида ўз иродаси билан ажралиб туради, аммо «Фулҳэм» билан ўйиннинг алоҳидалиги бор. Камида статистика нуқтайи назаридан, чунки мерсисайдликлар бунга қадар 80-дақиқадан кейин рақиб ҳисобда олдинга чиқиб олишига йўл қўйганида ҳеч қачон камбэк қайд этмаганди. Қолаверса, ўйин охирида Салоҳ бир неча метр масофадан туриб қайтган тўпга аниқ зарба бера олмаганди.

Аммо у қаторасига ўн олтинчи ўйинда ҳам «Энфилд»ни голли ҳаракатсиз тарк этмади. 89-дақиқада Нунес ташлаб берган тўпни у жарима майдони ташқарисидан дарвозанинг юқори бурчагини нишонга олишга чоғланган Ватару Эндога ташлаб берди ва япониялик яримҳимоячи жамоадаги дебют голини урди. Босимни давом эттирган «Ливерпул» рақибни таслим этди ва биринчи бўлимда жарима зарбасини ижро этиб ўйинда ҳисоб очилишига сабаб бўлган Александр-Арнолд якуний натижани ҳам ўрнатди: қизиллар бу мавсумда «Энфилд»даги барча 11 ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган.

«Челси» – «Брайтон» 3:2
Голлар:
1:0 – 17 Фернандес, 2:0 – 21 Колуилл, 2:1 – 43 Буонанотте, 3:1 – 65, пеналти Фернандес, 3:2 – 90 Жоао Педро.
«Челси» – Санчес, Дисаси, Тиаго Силва, Бадьяшиль, Колуилл, Галлаҳер, Мудрик (Броя, 81), Фернандес, Кайседо, Стерлинг (Палмер, 66), Жексон (Матсен, 72).
«Брайтон» – Стил, Велтман, Игор Жулио (Бейкер-Боайтей, 84), ван Ҳекке, Хиншелвуд (Милнер, 57), Лаллана (Жоао Педро, 57), Гилмор, Буонанотте (Митома, 57), Балеба (Гросс, 57), Аденгра, Фергюсон.
Четлатиш: Галлаҳер (45, «Ч»).

«Челси» ўз мухлисларига байрам арафасида совға тақдим этишнинг уддасидан чиқди. Жамоа чемпионат доирасида «Стэмфорд Бриж»да ўтган ўйинларда 25 августдан буён илк бор (календар йили бошидан буён атиги тўртинчиси) ғалаба қозонди. Бунга Энцо Фернандеснинг АПЛдаги дастлабки голлари эвазига эришилди. Бунгача ушбу жаҳон чемпиони фақат лига кубогида тўртинчи дивизион вакили «Уимблдон» дарвозасини ишғол этганди. Якшанба куни у Бадиашилнинг мураккаб вазиятда туриб узатган пасини боши билан дарвоза тўрига йўллади, иккинчи бўлимда эса пеналтини аниқ ижро этди. Кўклар биринчи бўлим охирида Галлаҳер иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этиши туфайли камчилик бўлиб қолганига қарамай, ғалабани сақлаб қолишди.

Испания: «Атлетико»ни бўйсундирган Хави

«Барселона» – «Атлетико» 1:0
Гол:
1:0 – 28 Жоау Феликс.
«Барселона» – Пеня, Кунде, Кристенсен, Араухо, Жоау Канселу, Гундўған, де Йонг, Педри (Лопес, 89), Рафиня (Ямал, 77), Жоау Феликс (Ферран Торрес, 77), Левандовски.
«Атлетико» – Облак, Молина (Аспиликуэта, 46), Хименес (Лино, 46), Эрмосо, Витцел, Рикелме (Корреа, 46), Коке (Саул, 66), Де Паул, Лиоренте, Гризманн, Мората (Депай, 65).
Огоҳлантиришлар: Хименес (31), Витцел (34), Коке (38), Аспиликуэта (47), Жоау Феликс (50), Ферран Торрес (78), Араухо (79), Хави (82), Жоау Канселу (87), де Йонг (90).

«Барселона»да «Атлетико» билан ўйинларда муаммо бор эди ва Хави Каталония пойтахтига бош мураббий сифатида қайтганидан кейин бунга барҳам берилди. Ғалабасиз тўрт ўйин ортидан (=2-2) кўк-анорранглилар қаторасига уч ўйинда зафар қучишди. Ва бу сафар ҳам, кетма-кет жароҳатлар ва шу туфайли ўйинда муаммолар юза келган шароитда ҳам «Барса» кучли старт намойиш этди. Рафиня илк ҳужумдаёқ қулай позицияга чиқиб зарба берди ва бу ўйин кимнинг диктовкаси остида кечишини англатиб турарди.

Лекин ҳужум чизиғи вакиллари, айниқса Левандовски юзага келган имкониятлардан фойдалана олмади. Бундай вазиятда эса ўйинда ўзига хос сюжет талаб этиларди ва буни чемпионатда сентябр ойи ўрталаридан буён гол урмаган Жоау Феликс юзага келтирди. «Атлетико»ни можаро билан тарк этган ва ўзини ижарага беришга мажбур қилган португалиялик Молинадан осонлик билан қочиб кетди ва Облакни доғда қолдирди. Кейин эса ўз голини Мессининг услубини такрорлаган ҳолда нишонлади. Ҳолбуки ўйин арафасида мадридликлар президенти Энрике Сересо у ҳақда илиқ сўзлар айтиб, уни Европанинг энг кучли футболчиларидан бири деб атаган ва гол урган тақдирда нишонламаслигига умид билдирганди. Лекин катта эҳтимол билан Феликс Мадридга қайтишига тўғри келмайди, «Барса» унинг ўйинидан мамнун ва мавсум охирида уни тўлиқ ўз футболчисига айлантирмоқчи.

Меҳмонлар фақат ўйин охирида Иняки Пеняни сейвлар ижро этишга мажбур қила олишди, ундан олдинроқ эса Левандовски ўйиндаги интригага барҳам бериш учун яна бир қулай имкониятни йўққа чиқарганди.

Сўнгги вақтлардаги энг яхши футболини намойиш этиш орқали «Барса» учинчи ўринга кўтарилди ва «Реал» ҳамда «Жирона»ни қувишда давом этди. Бир ҳафтадан кейин кўк-анорранглилар иккинчи ўринга яқинлашиб олиши мумкин, аммо «Жирона» бу сафарги Каталония дербисига ўзгача ҳолатда бормоқда.

Италия: Моуринио — якунлар қироли

«Сассуоло» – «Рома» 1:2
Голлар:
1:0 – 25 Матеус Энрике, 1:1 – 76, пеналти Дибала, 1:2 – 82 Кристенсен.
«Сассуоло» – Консили, Толян, Эрлич, Руан, Виня (Педерсен, 90), Болока, Матеус Энрике, Торстведт (Байрами, 81), Берарди (Кастилехо, 89), Лорянте (Рачич, 65), Пинамонти (Дефрел, 81).
«Рома» – Руй Патрисиу, Карсдорп (Кристенсен, 46), Лиоренте, Манчини (Пеллегрини, 67), Ндика, Спинаццола (Ал-Шаъровий, 67), Паредес, Кристанте, Бове (Озмун, 46), Дибала (Челик, 87), Лукаку.
Четлатиш: Болока (63).

Бу турдаги ўйинлари олдинроқ бўлиб ўтган «Фиорентина» ва «Болоня»ни олдинга ўтказиб юборган римликлар «Сассуоло»га қарши сафар ўйинининг биринчи бўлимидан кейин ютқазаётганди, аммо танаффусдан кейин жамоа мезбонлар сафидаги четлатишдан максимум натижа чиқариб олди. Жозе Моуринио жамоаси навбатдаги марта ўйиннинг якуний қисмида натижага эришиш маҳоратини намойиш этди. Агар ўйинларнинг сўнгги чорак қисми олинадиган бўлса, «бўрилар» бу оралида 15 гол уришган. Бу А серияда иккинчи натижадан бештага яхшироқ. Якшанба оқшмои қаҳрамонлари Дибала ва Кристенсен бўлишди. Аввалига захирадан тушган даниялик ҳимоячи аргентиналикнинг узатмасидан кейин пеналти ишлади. Кейин ушбу жуфтлик ғалаба голи урилган ҳужумни уюштирди ва дарвозабон рикошет туфайли боши берк кўчага кириб қолди. «Рома» омад эвазига бўлса ҳам бешинчи ўринга қайтишни уддалади.

«Наполи» – «Интер» 0:3
Голлар:
0:1 – 44 Чалхонўғли, 0:2 – 61 Барелла, 0:3 – 85 Тюрам.
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Ррахмани, Эстигор, Натан (Дзербин, 87), Лоботка (Зелински, 75), Замбо-Ангисса, Элмаз (Линдстрем, 75), Политано (Распадори, 68), Кварацхелия, Осимҳен.
«Интер» – Зоммер, Думфрис (Куадрадо, 77), Дармиан (Биссек, 86), де Врей (Карлос Аугусто, 18), Ачерби, Димарко, Мхитарян (Фраттези, 77), Чалхонўғли, Барелла, Тюрам (Арнаутович, 86), Мартинес.

«Наполи» ва «Интер» ажойиб ўйин ўтказишди, бунда алоҳида эпизодларнинг қиймати юқори эди. Биринчи бўлимда нерадзуррилар фаолроқ бўлишди, Дюмфрис, Барелла ва Чалхонўғли иштирокидаги голли комбинациягача Тюрам ҳам ҳисобни очган, аммо гол офсайд туфайли бекор қилинган, Лаутаро Мартинеснинг хавфли зарбасини эса Мерет қайтариб қолганди.

«Наполи»нинг танаффусгача энг хавфли вазиятини эса Кварацхелия ташкиллаштирди, у тўпни эгаллаб олиб ҳужум бошлади, унинг якунида Политанонинг зарбаси тўсинга тегди. Иккинчи бўлимда эса Зоммер Хвичининг ҳужумини тўхтатди ва дарҳол меҳмонлар вазиятлардан фойдаланиш бўйича сабоқ ўтиб беришди. Оддий хато, Лаутаронинг олдинга узатган паси ва оқшом қаҳрамони Барелла дарвоза томон йўлида ҳимоячиларни машғулот маникенлари ҳолатида қолдириб алдаб ўтди. Бу вақтга келиб ўйинда ҳисоб 2:2 ёки 2:3 кўринишига келиши ҳам мумкин эди, аммо таблода 0:2 ҳисоби ёниб турарди.

Амалда «Интер» якуний 3:0 дан кўра йирикроқ ҳисобда ғалабага эришиши ҳам мумкин эди. Симоне Индзаги топ-5 лигаларда сафар ўйинларида энг кўп очко жамғарган жамоа бўлиб қолмоқда. Олти ғалаба ва фақат икки ўтказилган гол — бу чемпионлар графиги. «Наполи»даги муаммоларни эса мураббийнинг алмаштирилиши ҳал қила олмайди. Мавсумдаги етти уй учрашувидан тўрттасида мағлуб бўлинди — бу жанубликлар тарихидаги энг ёмон натижанинг такрорланишидир.

Германия: «Байер»ни Дортмунд тўхтатди

«Байер» – «Боруссия» Д 1:1
Голлар:
0:1 – 5 Рюэрсон, 1:1 – 79 Бонифасе.
«Байер» – Градецки, Фримпонг, Та, Тапсоба, Коссуну, Грималдо, Чака, Ҳофманн (Адли, 64), Паласиос (Шик, 79), Виртц, Бонифасе.
«Боруссия» Д – Кобел, Ҳуммелс, Шлоттербек (Пападопулос, 64), Рюэрсон, Ройс (Мене, 84), Забитцер, Жан, Брандт, Волф, Байно-Гиттенс (Адейеми, 64), Фюллкруг.

Баҳорда фақат ўз аҳмоқлиги туфайли финишда чемпионлик титулини бой берган жамоа бу мавсумда «Бавария»нинг асосий рақобатчисига айланган жамоага қарши ўйнади. Бундеслигада турнинг марказий учрашуви турнир жадвали пешқадами «Байер» кутилмаганда гол ўтказиб юбориши билан бошланди. Барчаси Фюллкругнинг саъй-ҳаракатлари эвазига бўлди, у дарвозага орқа турган ҳолда шведка усулида пас бериб, Рюерсонни тўп билан таъминлади.

Аммо «Боруссия» ўйиннинг катта қисмини ҳимояда ўтказишига тўғри келди. Ва фақат Бонифаседаги офсайд туфайли биринчи бўлим танаффуси арафасида Вирцнинг чиройли голи бекор қилинди. Қолган эпизодларда эса ёки леверкузенликлар аниқ зарба бера олмади, ёки «асаларилар» ҳимоячилари мардонавор ўйнашди, улар орасида 13 марта тўпни жарима майдонидан узоқлаштирган Ҳуммелс ҳам бор. Бир сафар у дарвозабон ҳудудидан йўлланган зарбани тўсиб қолди.

Ҳаби Алонсо майдонга Шикни тушириш орқали мақсадга эриша олди. Етти ой давомида жароҳатини даволатган чехиялик ҳужумчи ҳозирча фақат ўйин охирида туширилмоқда, аммо самарадорлик кўрсатмоқда. Пайшанба куни у Европа лигасида гол урганди, бу сафар эса Бонифасени голли пас билан таъминлади. Шу тариқа, ўйин мантиқий якунга эга бўлди. «Байер» мавсумда иккинчи бор очко йўқотганига қарамай, голга ҳақли ўйин намойиш этганди.

Кун статистикаси

  • «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Кулушевски АПЛда амалдаги чемпионга қарши сафар ўйинларида қаторасига уч мавсумда гол урган 3-футболчига айланди.
  • «Вилярреал» ҳужумчиси Моралес ла лиганинг сўнгги тўрт турида 4 гол урди, у Марселино Торал «сариқ субмариналар» жамоаси бошқарувига қайтганидан буён ҳар ўйинда рақиб дарвозасини ишғол этмоқда.
  • «Бенфика» барча турнирлар доирасида 4 ўйинда майдонни голсиз тарк этди, жамоа ўтган чемпионлик мавсумида жами шунча ўйинда гол ура олмаганди.
  • «ПСЖ» дарвозабони Арнау Тенаса 7 сейв амалга оширди — бу сўнгги етти йилда захирадан тушган дарвозабонлар учун энг яхши кўрсаткич.
  • ПСВ мавсум стартидан буён 14 ғалабага эришди — бу жамоанинг 1987/88 йиллар мавсумидан буён энг яхши серияси. Ўшанда эйндховенликлар Гуус Ҳиддинк бошқарувида дастлабки 17 ўйинда ғалаба қозониб, лига рекордини ўрнатган.
  • АПЛнинг бу мавсумида 140 ўйинда 31 бор қизил карточка кўрсатилди. Бу ўтган мавсум охиригача кўрсатилганларидан кўпроқ.
  • «Монако» ҳужумчиси Бен Йеддер лига 1 доирасидаги уй ўйинларида 100 гол урди. Франция чемпионатида бундай ҳолат илк бор 1996 йилда кузатилганди, ўшанда гроссмейстерлик натижаси марселлик Жан-Пиер Папен томонидан қайд этилганди.
  • «Фиорентина» 2023 йил бошидан буён барча турнирлар доирасидаги ўйинларида 102 гол уриб, клуб рекордини янгилади.
  • «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Хин Мин «Манчестер Сити»га қарши ўйинда 137 сония ичида ҳам рақиб дарвозасини, ҳам ўз жамоаси дарвозасини ишғол этди.
Top