Спорт | 10:01 / 10.11.2024
8228
8 дақиқада ўқилади

Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар

«Реал»да яна уч жароҳат: Милитаонинг яна хочсимон пайи узилди, Родриго ва Васкес уч-тўрт ҳафтага сафдан чиқди.

Фото: Global Look Press

«Осасуна» билан ўйиндан кейин яна уч ўйинчи йўқ.

«Реал» – «Осасуна» 4:0
Голлар: 1:0 – 34 Винисиус Жуниор, 2:0 – 42 Беллингем, 3:0 – 61 Винисиус Жуниор, 4:0 – 69 Винисиус Жуниор.
«Реал» – Лунин, Фран Гарсия, Рюдигер, Милитао (Асенсио, 30), Васкес (Модрич, 46), Беллингҳем (Гулер, 75), Камавинга, Валверде, Винисиус Жуниор (Эндрик, 75), Мбаппе, Родриго (Браим Диас, 20).
«Осасуна» – Эррера, Бойомо, Катена, Аресо, Бретонес, Орос (Рубен Гарсия, 72), Торро, Монкайола (Мунйос, 81), Пеня (Раул Гарсия, 59), Сарагоса (Арнаис, 82), Будимир (Мойсес Гомес, 71).
Огоҳлантиришлар: Катена (55), Торро (88).

«Реал» Испания чемпионатининг 13-турида «Осасуна»ни йирик ҳисобда тор-мор этди (4:0). Мадридликлар барча турнирлар доирасидаги икки мағлубиятдан кейин ғалабага эришди, аммо бу жуда қимматга тушди. Жамоанинг биратўла уч футболчиси биринчи бўлимдаёқ жароҳат олди: Эдер Милитао, Родриго ва Лукас Васкес.

Бу қандай рўй берди?

«Реал» уч футболчиси ҳам танаффусга қадар сафдан чиқди. Биринчи бўлиб майдонни Родриго тарк этди — бразилиялик вингер тизза бўғимларидаги жароҳатдан эндигина тузалганди. Икки ҳафта ўйнай олмаган футболчи ўтган ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида «Милан»га қарши ўйинда (1:3) кўриниш берганди. У бу ўйин охирида 16 дақиқага туширилганди ва бу сафар ниҳоят бошланғич таркибдан ўрин олганди. У майдонни ўзи тарк эта олди ва захира ўриндиғида қолди, аммо кўз-ёшларини тия олмади. Унинг ўрнини Браим Диас эгаллади.

30-дақиқада эса Эдер Милитао ўйинни давом эттира олмайдиган бўлди. Ушбу бразилиялик ҳам аламли жароҳат олди: бурчак тўпи ўйналганида рақиб жарима майдонига борган ҳимоячи қаттиқ бақирганча газонга қулади. Футболчига ёрдам кўрсатиш учун шифокорлар чопиб чиқди ва бир неча дақиқа ўтиб уни замбилда олиб чиқиб кетишди. Карло Анчелотти навбатдаги футболчиси майдонни тарк этишини қайғу билан кузатиб турди. 21 ёшли Раул Асенсио эса ла лигада дебют қилиш имконига эга бўлди.

Бўлим охирида эса учинчи бахтсизлик рўй берди: Карваҳал мавсум охиригача сафдан чиққани туфайли унинг қанотида ўйнаётган Лукас Васкес белини жароҳатлаб олди. Испаниялик футболчи ёрдам учун захира ўриндиғи томон йўл олди — бу ерда унинг оёғини боғлашди ва майдонга қайтаришди. Лекин Лукас энди яхши югуролмасди — Асенсионинг йўлига ташлаб берган тўпига етиб бора олмади ва тўп аутга чиқиб кетди. Танаффусда Васкес Лука Модричга алмаштирилди (Федерико Вальверде ўнг қанот ҳимоячисига айланди).

Иккинчи ва учинчи жароҳат орасида мезбонлар ҳисобни очганди. Винисиус тўпни жарима майдонигача олиб борди ва яқин бурчакка кучли зарба йўллади. Ҳужумчи голни нишонлаш учун сўнгги вақтларда кўп танқидга учраётган мураббийи томон югурди.

Кўп ўтмай «Осасуна» яна гол ўтказиб юборди. Жуд Беллингҳем бу мавсумдаги илк голини нишонлади. У Асенсионинг узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Унинг паси шу қадар яхши бўлгандики, Беллингҳем гол учун тўпга бир тегиниши етарли бўлди.

Иккинчи бўлимда эса «Реал» дарвозабони ҳам ажойиб ассист муаллифига айланди. Бурчак зарбасидан кейин тўпга эга чиққан Андрей Лунин дарҳол уни Винисиусга етказиб берди. Бразилиялик «Осасуна» дарвозабонини алдаб ўтиб, тўпни шунчаки бўш дарвозасига юмалатиб юборди.

Қолган вақтда «Реал» истаганича ўйнади ва Вини ҳет-трикка эришди. Захирадан тушган яна бир футболчи Браим Диас ҳимоячини ортда қолдириб, ҳужумчини қулай вазиятга чиқарди. Бразилиялик бу сафар ҳам дарвозабон алдаб ўтиб, дарвозани ишғол этди. Бу мавсумда «Барса»ни мағлуб этган ягона жамоа бўлиб турган памплоналиклар эса ўйин давомида бирор марта дарвоза соҳаси томон тўғри зарба бера олмади.

Тикланиш учун қанча вақт талаб этилади?

Бу учликнинг ҳолати ҳақида ўйин якунланганидан бир неча соат ўтиб маълумот пайдо бўла бошлади. Милитаода ўнг оёғининг хочсимон боғлами узилгани тасдиқланди, шунингдек, ўнг тиззасининг иккала менисклари шикастланган. 26 ёшли ҳимоячи мавсум охирига қадар ўйнай олмайди.

Бу Эдер учун ҳақиқий фожиа, чунки у «ахилл» жароҳати туфайли чемпионатнинг ўтган мавсумини ҳам деярли тўлиқ ўтказиб юборганди, август ойида жароҳатланганидан кейин у фақат апрел ойига келиб ўйинга қайтганди.

Родриго ва Васкеснинг бироз омади келди — улардаги шикастланиш ҳолатлари у қадар жиддий эмас, аммо маълум вақт давомида ўйиндан ташқари ҳолатда бўлишга тўғри келади. Испаниялик журналист Аранчи Родригесга кўра, бразилиялик вингер белдаги жароҳат туфайли бир ой атрофидаги вақтни ўтказиб юборади, испаниялик — уч ҳафтага сафдан чиққан. Унинг бириктирувчи мушакларида муаммо бор.

«Реал»да ўйингача ҳам вазият нотинч эди

Мадридликлар кетма-кет мағлубиятдан кейин ғалабага эришди: жамоа бунгача класикода «Барселона»га ютқазганди (0:4), кейин эса Чемпионлар лигасида «Милан»дан мағлуб бўлди (1:3). Россонерилар билан ўйиндан кейин «Реал» мураббийлар штаби футболчилар билан йиғилиш ўтказган. Marca маълумотига кўра, учрашувда кескин муҳит ҳукм сурган: футболчиларнинг айрим кўрсаткичлари ва ёмон натижалар таҳлил қилинган, шунингдек, муаммоларга биргаликда ечим изланган. Афтидан, йиғин ижобий эффект берган. Манба маълумотига кўра, жамоада кайфият яхшиланган.

Шу билан бирга, El Gol Digital хабарига кўра, Анчелотти «Реал»даги айрим муҳим футболчиларнинг ишончини йўқотган. Улар қаторида Федерико Валверде, Килиан Мбаппе ҳамда унинг француз шериклари — Орелен Тшуамени, Эдуардо Камавинга ва Ферлан Менди саналган. Шу билан бирга, Винисиус ҳамон ушбу мутахассис билан ажойиб алоқаларни сақлаб қолмоқда.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Анчелотти айнан Жуниорни мақтади: у Мбаппе ҳақида ҳам тўхталган — француз ҳужумчи голсиз сериясига барҳам беришига ишонч билдирган.

«Винисиус — даражадаги фарқни намойиш этувчи футболчи ва кўрганимиздек, «Олтин тўп» билан боғлиқ вазият унга таъсир кўрсатмади. Яхши ўйин бўлди, биз шошилмасдан ўйинни назорат қилдик. Вини ҳисобни очгач, барчаси янада осонлашди. Мбаппе ҳам ҳаракат қилди. У бир неча бор ҳужумларга ажойиб қўшилди. У гол урмади, аммо асосийси ўйинда фойдали бўлди», — деган Карло.

Жамоа бу мавсумда қандай иштирок этмоқда?

Бланкос ла лига турнир жадвалида «Барселона»дан олти очко кам жамғариб, иккинчи ўринда бормоқда. Чемпионлар лигасидаги жамоанинг ҳолати бироз ёмонроқ: тўрт ўйинда олти очко олиб, фақат 18-ўринда. «Реал» «Штутгарт» (3:1) ва «Боруссия» (5:2) билан ўйинларда қийинчилик билан ғалабага эришди, «Лилл» (0:1) ва «Милан»га ютқазди (1:3). Мадридликлар «Осасуна»га билан ўйинда 5 октябрдан буён илк бор дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди — ўшанда «Вилярреал» таслим этилганди (2:0).

«Реал» таркиб борасида оғир вазиятда, аммо миллий жамоалар ўйинлари туфайли юзага келадиган танаффус вақтида академиядан янги футболчиларни таркибга жалб қилиш мумкин бўлади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид