Жаҳон | 20:21 / 09.12.2023
16997
2 дақиқада ўқилади

Шолц Европада газ нархининг ошишида Путинни айблади

Германия канцлери Европага газ етказиб бериш тўхтатилгани сабабли Россия раҳбари устидан шикоят қилди.

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шолц Европада энергия нархининг ошиб кетишида Россия президенти Владимир Путинни айблади. Унинг сўзларига кўра, Германия ҳукумати Норвегиядан кўпроқ газ сотиб олишга ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) терминалларини яратишга мажбур ва бу анча қимматга тушади.

Шолц ўз баёнотини Германия Социал-демократик партияси (СДП) қурултойида айтди. Унга кўра, Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилгач, Германия газ таъминотининг ярмини йўқотган, Европага эса 120 миллиард куб метр ёқилғи етишмай қолган.

«Россия Европага энергия етказиб беришни тўхтатди. Айнан Россия президенти газ қувури орқали газ етказиб беришни тўхтатди», деди Шолц.

Канцлер, шунингдек, таъминотнинг узилиши энергия нархи бўйича жиддий оқибатларга олиб келганини, жаҳон бозорида эса газ нархи 10 баробар ошганини айтди. Унинг қайд этишича, Германия ҳукумати вазиятни тўғирлаш учун кескин чоралар кўришга мажбур бўлган: Норвегиядан кўпроқ газ сотиб олишга ва мамлакат шимолида СТГ терминалларини қуришга қарор қилган.

2022 йилда Европа Иттифоқида газ истеъмоли 343 миллиард куб метрни ташкил этди, шундан 95,7 миллиарди уй хўжаликлари, қолгани эса саноат тармоқлари ҳисобига тўғри келди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид