Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Муаммоларимиз ҳамон жадидларникига жуда ўхшаш” — Баҳром Ирзаев
“Вақт жиҳатдан 100 йил ўтди, лекин муаммолар, ғояларимиз ҳамон жадидларникига жуда ўхшаш”, дейди тарихчи Баҳром Ирзаев. Профессор Саидакбар Аъзамхўжаев жадидлар аввало таълимга асосий урғу бергани, бу эса ҳозир ҳам энг муҳим муаммоларимиздан бири эканини таъкидлади.
11 декабр куни Тошкентда жадидлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган анжуман ўз ишини бошлади. Kun.uz мухбири тадбир доирасида тарихчи Баҳром Ирзаев ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори Саидакбар Аъзамхўжаевга жадидчилик ғояларининг қайта ўрганилишига эҳтиёж ва Туркистон мухториятининг заволи ҳақида сўради.
— Ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятининг ўзбек жадидларига нисбатан эътибори қандай бўляпти ва сизнингча, нега жадидларнинг ғоялари қайта ўрганиляпти?
Баҳром Ирзаев:

— Қайсидир маънода дунё ўзига маъно қидираётгандир. Балки 100 йил олдинги масалаларга ўхшаш воқеалар ҳозир ҳам юз бераётгандир. Ҳақиқатан ҳам бугун биз жадидларнинг ғоя масаласидаги фикрига кўпроқ дуч келяпмиз. Масалан, уларнинг шеъри, драмаси ёки асарлари бугунги ҳаётимизга яқин. Худди шу яқинлик бошқа давлатларда ҳам бор. Яъни инсоният жуда узоққа кетгани йўқ. Вақт бўйича 100 йил ўтди, лекин сифат, муаммолар бўйича, битта биз эмас, бутун дунё жуда узоққа кетгани йўқ.
Саидакбар Аъзамхўжаев:

— Бугун хориждан, Америка, Германия ва бизнинг қўшни республикалардан айнан шу жадидчилик масаласида 100-105 йил олдинги воқеалар ҳақида китоб ёзган мутахассислар келган. Жадидчилик фақат Туркистон эмас, кенг миқёсда бўлган ва бизнинг жадидларимиз 20-аср бошларида таълим тизимида янгиликлар киритишга эътибор қаратишди. Бугун ҳам таълим энг муҳим масала бўлиб турибди.
— 72 кун яшаган Туркистон мухториятининг умрини узайтириш учун бизда имконият бор эдими ва унинг якунига сабаб бўлган омиллар нима?
Саидакбар Аъзамхўжаев:
— 1917 йил 26-27-28 ноябр кунлари Қўқонда ўлка мусулмонларининг фавқулодда қурултойи эълон қилинди. Ундан олдин, 14 ноябр куни Тошкентда советлар ўзининг съездини ўтказганди. Ва унда ҳокимият учун мусулмон аҳолисидан вакил киритишга ҳали эрта экани ва улар бунга тайёр эмас деган фикр айтилганди.
Бундан норози бўлган зиёлилар орадан 10 кун ўтганидан кейин Қўқонда фавқулодда қурултой ўтказди. Ва мана шу 12 кишидан иборат Туркистон мухториятини эълон қилди. Шу билан бирга улар 27 ноябрда декларация ҳам тузишди. Ноябр, декабр, январда Туркистонда бўлган қўшҳокимиятчилик советларга ёқмади. Улар марказ билан боғланиб, уларга мусулмонлар ҳам ўзига ҳокимият тузганини етказишди. Марказдан эса, биз пролетариат, ишчилар сайлаган ҳокимият тарафдоримиз, нима қилиб бўлса ҳам Қўқондаги мухториятни тугатиш керак, деган хабар келади. Шундан кейин Қўқон қуролли кучлар билан ўралиб, 11 томондан пушкаларда отилди.
Бу мухториятни сақлаб қолишга ҳаракат қилинди, лекин қуролли кучлар устунлик қилди. У пайтда Туркистон мухториятида ҳали қуролли кучлар тузишга улгуришмаганди.
— Туркистон мухториятининг парчаланишига “Шўрои ислом” жамиятидан уламолар жамиятининг ажралиб чиққани ҳам сабаб бўлмадими?
— Менимча бундай эмас. Чунки уламочилар ҳам мухторият тузилиши тарафдори эди. “Шўрои уламо” 1917 йилнинг ўрталарида бўлган. Айрим масалаларда зиддият бўлган. Ёш ва кекса авлод ўртасида диний ёки демократик давлат қуриш бўйича тортишув бўлган, лекин бу мухториятнинг парчаланиши учун асосий сабаб эмас эди.
Баҳром Ирзаев:
— “Шўрои уламо”нинг баъзи лидерларини биз биламиз, баъзиларини билмаймиз. Сабаби империя диндан фойдаланган. Баъзи бир одамларга катта диний рутба, унвон бериб, ўзининг мансаби мақсади йўлида исломдан фойдаланган. Шунинг учун бу ғояни кўтарганлар муқаррар пантуркизмда айбланиб, ҳаттоки унинг ёнида юрганлар ҳам жазога тортилган. Бугун эса давлатнинг ўзи бунга қарашга эҳтиёж сезяпти.
Мавзуга оид
15:47 / 02.04.2026
100 йил олдинги ташаббуслар: жадидлар камбағалликка қарши қандай курашган эди?
22:37 / 19.07.2024
Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги ўтказилади
12:37 / 20.06.2024
“Жадидларимизнинг мағрур ва ғолиб қиёфаларини чизишимиз керак” – кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов
19:42 / 20.02.2024