Жаҳон | 10:15 / 11.12.2023
9921
2 дақиқада ўқилади

Хавиер Милей Аргентина президенти вазифасини бажаришга киришди

Буэнос-Айресда Аргентина янги президенти Хавиер Майлининг инаугурацияси бўлиб ўтди. Маросимга Володимир Зеленский учиб келди.

Фото: Marcos Brindicci/Getty Images

Аргентинада президентлик сайловларида ғалаба қозонган либертарист Хавиер Милей давлат раҳбари сифатида қасамёд қилди. Инаугурация маросими 10 декабр, якшанба куни Буэнос-Айресдаги Конгресс биносида бўлиб ўтди. Қасамёддан сўнг, истеъфога чиққан давлат раҳбари Алберто Фернандес Милейга президент тасмаси ва таёқчасини топширди.

Конгрессдан президент сифатидаги биринчи нутқида Милей мамлакат учун «янги давр» ваъда қилди, аммо оғир иқтисодий вазият ҳақида огоҳлантирди. «Ҳеч бир ҳукумат биздан кўра ёмонроқ меросга эга бўлмаган», деди у ва расмийлар тежамкорлик чораларини кўришга мажбур бўлишини қўшимча қилди. «Харажатларни қисқартиришнинг муқобили йўқ, зарба чораларига муқобил йўқ», деди президент. Милейнинг сўзларига кўра, вақт ўтиши билан аҳоли чора-тадбирларнинг «мевасини кўради», аммо ундан олдин «вазият ёмонлашади».

Зеленский Милейнинг инаугурациясида иштирок этди

Милейнинг инаугурация маросимига келган хорижлик меҳмонлар орасида Украина президенти Володимир Зеленский ҳам бор эди. Бу унинг Лотин Америкасига Украинага уруши бошланганидан бери биринчи ташрифидир. Милей аввалроқ бир неча бор Украинани қўллаб-қувватлашини ва Россия агрессиясини қоралашини билдирган.

Зеленский Милейни Аргентина президенти лавозимига киришгани билан табриклади. «Бу Аргентина учун янги давр бошланишидир ва мен президент Милей ҳамда бутун Аргентина халқига ўз муваффақиятлари билан дунёни лол қолдиришини тилайман, — деб ёзди Зеленский X ижтимоий тармоғида. - Шунингдек, Украина ва Аргентина ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик давом этишига ишончим комил».

Мавзуга оид