Жаҳон | 11:21
544
4 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия ЕИ—Меркосур келишувини вақтинча қўллайди

Уругвай ва Аргентина уни ратификация қилганидан кейин ЕИ билан Жанубий Американинг Меркосур блоки ўртасидаги савдо келишуви вақтинча кучга кирди. Битимни тўлиқ амалга ошириш учун Европарламентнинг маъқуллаши талаб этилади.

Фото: Blondet Eliot/ABACA/abaca/picture alliance

Европа Иттифоқи Жанубий Америкадаги Меркосур (Mercosur) блоки мамлакатлари билан эркин савдо келишувини “вақтинча қўллаш”га киришмоқда. Бу ҳақда 27 феврал, жума куни Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. Унинг айтишича, бу келишув блокка кирувчи тўрт давлатдан иккитаси — Уругвай ва Аргентина уни ратификация қилганидан кейин мумкин бўлган. Кутилишича, Бразилия ва Парагвай ҳам “яқин вақт ичида” уларнинг ортидан эргашади.

Фон дер Ляйен январ ойида Европа кенгаши ЕКни Меркосур мамлакатларидан бири биринчи бўлиб ратификация қилган пайтдан бошлаб келишувни вақтинча қўллашга ваколат берганини эслатди. “Мен аллақачон айтганман: улар тайёр бўлса — биз ҳам тайёр бўламиз. Шунинг учун сўнгги ҳафталарда мен бу масалани аъзо давлатлар ва Европарламент аъзолари билан жуда фаол муҳокама қилдим”, — деди ЕК раҳбари Брюсселда журналистларга.

У келишув фақат Европарламент маъқуллагандан кейингина тўлиқ амалга оширилиши мумкинлигини аниқлади. “Шунинг учун комиссия барча ЕИ институтлари, аъзо давлатлар ва манфаатдор томонлар билан яқин ҳамкорликни давом эттиради — жараённи изчил ва шаффоф тарзда таъминлаш учун”, — дея қўшимча қилди фон дер Ляйен.

Еврокомиссия раиси ЕИ ва Меркосур мамлакатлари ўртасидаги келишувнинг афзалликларини санаб, у 720 миллион аҳоли учун умумий бозор яратишини айтди. “У беқиёс имкониятларни очади. У миллиардлаб божхона тўловларини қисқартиради. У бизнинг кичик ва ўрта бизнесимизга илгари фақат орзу қилиш мумкин бўлган бозорларга ва миқёсга кириш имконини беради. Бундан ташқари, у кескин рақобат ва қисқа муддатли манфаатлар ҳукмрон бўлган дунёда Европага илк қадам ташловчи сифатида стратегик устунлик беради”, — деди у.

Еврокомиссиянинг Жанубий Америка давлатлари билан савдо келишувини вақтинча қўллаш қарори ЕИда турлича баҳоланди. Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул бу қадамни “тарихий” келишув сари ташланган қадам деб олқишлаган бўлса, Франция президенти Эммануэл Макрон уни “ёқимсиз сюрприз” деб атади.

“Бу — Европанинг соати”, — деб ёзди Вадефул Х ижтимоий тармоғида ва ЕКнинг келишувни вақтинча қўллаш қароридан сўнг икки қитъадаги компаниялар ва одамлар “ниҳоят” кўпроқ фаровонлик ва ўсишдан фойда олишини таъкидлади. “Германия бу тарихий келишувнинг барча салоҳиятини очиш учун тинмасдан ишлайди”, — дея давом эттирди вазир.

Макрон эса Париждаги матбуот анжуманида шундай деди: “Франция учун бу сюрприз — ва ёқимсиз”. Унинг фикрича, Брюсселдаги комиссия келишувни вақтинча қўллаш бўйича қарорни “якка қабул қилди”, “гарчи Европарламент бу масала бўйича овоз бермаган бўлса ҳам”. Шу тариқа ҳокимият “жуда катта масъулият”ни ўз зиммасига оляпти, дея таъкидлади у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид