Жаҳон | 12:24 / 16.12.2023
7151
2 дақиқада ўқилади

Россия Марказий банки асосий ставкани 16 фоизгача оширди

Россия банки инфляцияни жиловлаш учун янги чоралар кўрди. Унинг прогнозларига кўра, 2024 йилда Россия Федерациясида инфляция даражаси 4,0-4,5 фоизгача пасаяди.

Фото: РИА Новости

Россия Марказий банки асосий ставкани 100 та базавий пунктга кўтариб, йиллик 16,00 фоизгача оширди. «Жорий инфляция босими юқорилигича қолмоқда. 2023 йил охирига бориб йиллик инфляция 7,0-7,5 фоиз прогноз диапазонининг юқори чегарасига яқин бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 2023 йилда ЯИМ ўсиши, Россия банки маълумотларига кўра, октябр ойидаги прогноздан юқори бўлади ва 3 фоиздан ошади», - дея маълум қилди Россия Федерацияси Марказий банки матбуот хизмати 15 декабр, жума куни.

Россия банки «2023 йилнинг иккинчи ярмида Россия иқтисодиётининг мувозанатли ўсиш траекториясидан юқорига қараб оғиши октябр ойида кутилганидан кўра муҳимроқ бўлганини» тушунтирди. Россия регулятори, шунингдек, «инфляциянинг 2024 йилда кўрсаткичга қайтиши ва унинг 4 фоиз атрофида барқарорлашиши иқтисодиётда қатъий пул-кредит шароитларини узоқ вақт давомида сақлаб туришни назарда тутади», деб таъкидлади.

Россия МБ прогнози: 2024 йилда инфляция 4,0-4,5 фоизгача пасаяди

Москва «инфляциянинг ҳақиқий ва кутилаётган динамикасини, иқтисодий ривожланишни, шунингдек, ички ва ташқи хавфларни ҳисобга олган ҳолда асосий ставка бўйича кейинги қарорларни қабул қилиши» ҳақида огоҳлантирди. «Россия банкининг прогнозига кўра, жорий пул-кредит сиёсатини ҳисобга олган ҳолда, йиллик инфляция 2024 йилда 4,0-4,5 фоизгача пасаяди ва келажакда 4 фоизга яқин бўлади», дейилади баёнотда.

Сўнгги олти ой ичида Россия банки инфляцияни жиловлаш учун асосий ставкани босқичма-босқич, сезиларли даражада оширди. Октябр ойи охирида Россия Федерацияси Марказий банки уни 15 фоизгача, сентябр ўрталарида - 13 фоизгача, август ойида - 12 фоизгача, июлда - 8,5 фоизгача оширди.

Мавзуга оид