Ўзбекистон | 14:55 / 18.12.2023
72405
2 дақиқада ўқилади

Азиз Воитов қамоққа олинди

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумонланиб тергов қилинмоқда. У жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Фото: Kun.uz

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қўлга олинган. Kun.uz манбасига кўра, у иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ иш юзасидан тергов қилинмоқда.

Азиз Воитов 1980 йилда туғилган, Тошкент молия институтини «Солиқ ва солиққа тортиш» мутахассислиги бўйича битирган (2001) ҳамда Олий ишбилармонлик мактабида «Бизнес бошқаруви» бўйича таҳсил олган (2010).

Азиз Воитов муқаддам «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» АТБ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. 2020 йил мартидан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг (ўша вақтда Сардор Умрзоқов) биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлаган, 2022 йил августида қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тайинланган, 2023 йил ёзида Сардор Умрзоқов президент администрацияси раҳбарлигидан кетиши ортидан 2023 йил октябр ойида вазирлик раҳбарлигидан олинганди.

UPD. Олий суд матбуот хизмати Азиз Воитов қамоққа олинганини тасдиқлади. Собиқ вазир Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси 2-қисми “а” бандида (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш оқибатида жуда кўп миқдорда зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Мавзуга оид