Жаҳон | 10:40 / 28.12.2023
5209
2 дақиқада ўқилади

Омскда Z ҳарфи бўлган машиналарга ўт қўйган фуқаро 15 йилга қамалди

«ФСБ» маълумотларига кўра, судланувчи Украинадаги урушни тугатиш учун «ҳокимиятга босим ўтказиш» мақсадида ўт қўйган. У беш йилни қамоқда, ўн йилни эса қаттиқ тартибли колонияда ўтказади.

Фото: Vlad Karkov/picture alliance

Омскда маҳаллий фуқаро Z ҳарфи бўлган автомобилларга ўт қўйганликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Тегишли ҳукм 1-Шарқий округ ҳарбий суди томонидан чиқарилган, деб хабар берди «ФСБ» минтақавий бошқармаси вакили Ирина Руснак 27 декабр, чоршанба куни ТАСС агентлигига. «ФСБ» ҳужжатларида судланувчи Смолянинов А.В. ҳақида сўз юритилган.

Омскдаги NGS55 нашри хабар беришича, 46 ёшли эркак террорчилик ҳаракатини содир этишда айбдор деб топилган. Ҳукмга кўра, у дастлабки беш йилни қамоқда, сўнг ўн йилни қаттиқ тартибли колонияда ўтказади.

Тергов маълумотларига кўра, у 2022 йил октябр ойидан бошлаб Z ёзуви бўлган бир нечта автомобилларга ўт қўйган. У шу йилнинг декабр ойида Омскнинг Октябрск округида трансформатор будкасига ўт қўймоқчи бўлганида қўлга олинган. «ФСБ» маълумотларига кўра, сўроқ пайтида Смолянинов ўз ҳаракатларидан мақсад - «аҳолини қўрқитиш ва ҳукуматнинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилишига таъсир ўтказишга уриниш» бўлганини айтган.

Мавзуга оид