Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аргентинанинг янги ҳукумати BRICS аъзоси бўлишни истамади
Президент маъмурияти BRICS ташкилотига аъзолик иқтисодий фойда келтирмайди деб ҳисобламоқда.
Аргентина президенти Хавиер Милей BRICS аъзоларига йўллаган расмий мактубларида «ҳозир бу ноўрин» эканини таъкидлаб, ушбу ассоциацияга қўшилишдан бош тортганини маълум қилди.
Мактубда айтилишича, аввалги ҳукуматнинг «айрим қарорлари», жумладан, мамлакатнинг BRICS ташкилотида фаол иштирок этиши учун ихтисослаштирилган бўлинма ташкил этилиши қайта кўриб чиқилади.
Президент маъмурияти BRICS ташкилотига аъзолик иқтисодий фойда келтирмайди деб ҳисобламоқда. Чунки иштирокчи давлатлар билан ҳар қандай тижорат алоқаларини ташкилотга қўшилиш заруратисиз иккитомонлама келишиб олиш мумкин.
Ҳозир BRICS таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради. 2022 йил ёзида Аргентина ҳукумати собиқ президент Алберто Фернандес даврида иттифоққа қўшилиш учун ариза берди. Бироқ, Милей сайловолди дастурида буни рад этишини айтди.
2023 йил август ойида BRICS мамлакатлари Аргентинани расман таклиф қилишди. Ноябр ойи охирида Хавиер Милей мамлакат президенти бўлди, шундан сўнг унинг янги ҳукумати BRICS ташкилотига қўшилмаслигини маълум қилди.
Август ойида Жанубий Африкада ўтказилган алянс саммитидан сўнг, Аргентина билан бир қаторда яна бешта давлат – Саудия Арабистони, БАА, Миср, Эфиопия ва Эрон 2024 йилнинг 1 январида BRICS сафига қўшилиш таклифини олган эди.