Жаҳон | 16:37 / 29.12.2023
17808
7 дақиқада ўқилади

Пицунда можароси – Россия Абхазиянинг энг яхши жойини чиндан «ижара»га оляптими?

Бир неча кундан буён тан олинмаган Абхазия республикасида намойишлар бўлиб ўтмоқда. Аҳоли Абхазиядаги энг яхши жой – Пицунда Россияга бериб юборилаётганидан норози бўляпти. Республика парламенти Россия билан тузилган шартномани ратификация қилган, Абхазия президенти уни тасдиқлаган. Одамлар эса шартнома бекор бўлишини талаб қилмоқда.

Фото: tourister.ru

2023 йил 26 декабр куни тан олинмаган Абхазия парламентининг навбатдаги йиғилишида депутатлар муҳим ҳужжатни тасдиқлади. Унга кўра, Абхазиянинг Қора денгиз бўйида жойлашган Пицунда деб аталган қарийб 180 гектар ери Россияга 49 йилга ижарага берилади.

Россия олаётган жойда давлат аҳамиятига эга бўлган дала ҳовлилар, санаториялар, пансионатлар ва бошқа дам олиш масканлари жойлашган.

Абхазиядаги муҳим жойлардан бирини Россияга бериш масаласи республика парламентида уч марта ўқишда маъқулланган ва якунда 35 нафар депутатдан 26 нафари рози бўлган.

Парламент спикери Лаша Ашубанинг айтишича, парламентга бир нечта гуруҳ вакиллари таклиф этилган ва республика хавфсизлигини таъминлаш учун шартномани қабул қилишнинг бир қанча вариантлари муҳокама қилинган.

Пицундани Россияга узоқ муддатга ижарага бериш масаласи парламентда муҳокама қилинаётган пайтда абхазияликлар намойишларни бошлаб юборишди.

Улар республикадаги энг яхши ва муҳим жой жуда узоқ муддатга Россияга бериб юборилаётганига қарши чиқишмоқда. Ижтимоий тармоқларда видеолар жойланмоқда ва уларнинг остида абхазияликлар ва россияликларнинг баҳслари кузатилмоқда.

Абхазия харитаси

«Шунча йилдан буён Россия сизларни боқиб келди. Давлат ташкилотларида ишлайдиганларга маошлар, қарияларга пенсияларни тўлади. Энди озгина ер берилишига қарши чиқиб «раҳмат» айтяпсизларми?» – қабилида изоҳлар ёзмоқда россияликлар.

Бунга жавобан абхазияликлар «Россия ҳар доим холис дўстлигини айтиб келгани, агар бир кун келиб ўша ёрдам ҳисобига ер олишини айтганда, ёрдам пулларини олмаган бўлиши»ни айтиб жавоб беришган.

Ижтимоий тармоқлардаги баҳсларда гуржистонликлар ҳам абхазияликларга истеҳзоли гаплар ёзишмоқда. Бошқалари эса халқаро нормаларга кўра Гуржистон ҳудуди бўлган жой абхазлар томонидан Россияга бериб юборилаётганига қарши бўляпти.

Намойишлар бошлангандан сўнг парламент биноси олдига йиғилган Абхазия мухолифати вакиллари Россия билан шартнома республика конституциясига зидлигини айтиб чиқди. Овоз беришда шартномага қарши бўлган депутатлар уларга қўшилган.

Шартномага қарши бўлаётганлар у бекор қилинмагунча намойишларга чиқаверишини эълон қилишди. Шундан сўнг парламент, ҳукумат ва бошқа ҳокимият биноларини қўриқлаш кучайтирилди.

Республика бош прокурори эса намойишчиларни тартибсизликлар учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.

Абхазияда Пицунданинг Россияга 49 йил ижарага берилишига қаршилар намойиши \ Фото: zerkalo.io

Пицунда қандай жой ва у Россияга нега керак бўлиб қолди?

Пицунда Қора денгиз бўйида, Абхазиянинг Гагра тумани таркибига кирадиган ҳудуд ҳисобланади. У Гагра шаҳридан 25 км узоқликда жойлашган.

Пицундани бир томонидан Қора денгиз соҳиллари, иккинчи томонидан қалин ўрмонлар ўраб туради. Табиати жуда гўзал ва ҳордиқ олиш учун жуда яхши жой.

Пицундадаги дала ҳовлилар, санатория ва бошқа дам олиш масканлари 1950-йилларнинг иккинчи ярмида СССРга Никита Хрушчёв раҳбарлик қилган пайтларда қурилган. Улар асосан юқори мартабали давлат амалдорлари дам олиши учун мўлжалланганди.

Шу сабабли бу жой советлар даврида иттифоқ миқёсидаги муҳим жойлардан саналган. Кейинчалик у ерда замонавий санаториялар ва пансионатлар қурилади.

Ўша пайтда Пицундада фақат Кремлда ўтирган раҳбарлар, СССР министрлари ва шу каби жуда юқори амал соҳиблари келиб дам олган. Бошқалар қўйилмаган. Бу ер ёпиқ ҳудуд ҳисобланган.

Пицунданинг умумий кўриниши \ Фото: tourister.ru

СССР парчаланиб кетгач, абхазлар ҳам ўз мустақиллигини эълон қилади ва Гуржистонга қарши уруш бошланади. Ўша пайтда Россия тинчликпарвар кучлар ниқоби остида ўз армиясини Абхазияга жойлаштиради ва зимдан абхазларга ёрдам беради.

Кучлар тенг бўлмаган жанглардан сўнг Гуржистон Абхазия устидан назоратни йўқотади ва тан олинмаган республика Россия таъсир доираси остига тушиб қолади.

Советлар даврида Абхазия СССРдаги энг бой ҳудудлардан бири ҳисобланарди. Бу республикада яшовчилар иттифоқнинг турли бурчакларидан дам олишга келувчиларга хизмат кўрсатиб, уйларни ижарага бериб яхши даромадга эга бўлишарди. Шунга яраша одамларнинг турмуш даражаси ҳам бошқа ҳудудларга қараганда анча юқори бўлган.

Абхазия ўз мустақиллигини эълон қилгач ишлар тескарисига айланиб кетди ва республикага дам олиш учун ҳеч ким келмай қўйди. Оқибатда дала ҳовлилар, санатория ва пансионатлар қаровсиз қолиб вайрона ҳолга тушди.

Республика аҳолиси эса боқимандага айланди. Ўшандан буён Абхазия аҳолисига иш ҳақларини, пенсия ва бошқа нафақаларни Россия тўлаб келмоқда.

Пицундага келсак, Россия уни 1995 йилдаёқ ижарага олганди. Бироқ ҳудудга абхазияликлар ҳам бемалол кириб чиқарди.

Пицунда жойлашган ҳудуд харитада

2022 йил 19 январ куни Москвада Абхазия ва Россия ўртасида Пицундадаги барча биноларни ва ерни 49 йилга Россияга ҳеч қандай тўловларсиз ижарага бериш ҳақида шартнома имзоланади.

Ўшанда ҳам абхазлар бу шартномага қарши чиққан ва республика парламенти уни ратификация қилмаслигига умид қилганди. Бироқ бундай бўлиб чиқмади.

2023 йил 26 декабр куни шартномани Абхазия парламенти ратификация қилди. 27 декабр куни тан олинмаган Абхазия республикаси президенти Аслан Бжания Пицундани Россияга ижарага бериш ҳақидаги қонунни имзолади.

Сўнгги кунларда Пицунда масаласи қайта кўтарилиб, Абхазияда намойишлар бошлангач ҳар икки томон – россиялик ва абхазиялик турли амалдорлар вазиятни юмшатишга уриняпти.

Жумладан, Россиянинг Абхазиядаги элчиси Михаил Шургали Россия Пицундадаги ерни эмас, фақат биноларни ижарага олаётганини айтиб чиқди.

Бироқ намойишга чиқаётган абхазлар бунга ишонмаяпти. Чунки агар шартнома фақат биноларни ижарага бериш ҳақида бўлса, Россия 1995 йилдан буён Пицундадаги биноларни ижарага олиб ишлатиб келади ва энди уни янгилаш учун алоҳида шартнома керак эмасди.

Янги шартнома республика парламенти томонидан ратификация қилиняпти, президент алоҳида қонун билан уни тасдиқлаяпти, демак бу ерда гап фақат биноларни ижарага бериш эмас, Пицундани Россияга тўлиқ бериб юбориш ҳақида гап кетмоқда.

Қолаверса, 2022 йил 19 январ куни Москвада Россия томони ва бир гуруҳ абхазиялик мулозимлар иштирокида шартнома муҳокама ўтказилганда у ерда аниқ ва равшан қилиб «Ер участкаси, ундаги бинолар ва туташ денгиз ҳудудини Россияга ҳеч қандай тўловларсиз ижарага бериш» ҳақида гап кетган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид