Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исраэл Кац Исроил ТИВнинг янги раҳбари бўлади
Исроил вазирлар маҳкамасининг ротацияси коалиция келишувида назарда тутилганидек амалга оширилди.
Исроил вазирлар маҳкамаси мамлакат ташқи ишлар вазирини алмаштиришни маъқуллади. Илгари Эли Коэн эгаллаб турган бу лавозимга ҳозирда Энергетика вазирлиги раҳбари бўлган Исраэл Кац тайинланади. Бу ҳақда 31 декабр, якшанба куни ҳукумат матбуот хизмати хабар берди. Ўз навбатида, Коэн Кацнинг ўрнини энергия вазири лавозимида эгаллайди. Бу тайинловлар мамлакат парламенти - Кнессет томонидан тасдиқланиши керак.
68 ёшли Кац 1998 йилдан бери «Ликуд» партияси рўйхати бўйича Кнессетга сайланиб келмоқда. У ўтмишда турли вазирлик лавозимларида ишлаган, жумладан, 2019 йилдан 2021 йилгача ташқи ишлар вазири бўлган. Кац фаластинликларга нисбатан қаттиқ сиёсат тарафдори саналади. Энергетика вазири сифатида у сув ва электр таъминоти соҳасида Ғазо секторининг блокадасини қўллаб-қувватлаган.
Коалиция шартномаси ротацияни назарда тутади
Бенямин Нетаняҳу бошчилигидаги Исроилнинг амалдаги ҳукумати 2022 йил охирида парламент сайловлари натижаларига кўра тузилган эди. Коалиция Нетаняҳунинг ўнг қанот «Ликуд» партияси атрофида тузилган. У билан бирга ҳукуматга ўта ўнг ва ўта православ сиёсий кучлар кирди.
Коалиция музокаралари натижасида вазирлар маҳкамасининг ушбу таркибида Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг ўрни «Ликуд» партиясига берилди ва Коэн вазир лавозимини эгаллади. Шу билан бирга, коалиция келишувида дастлаб 2023 йил декабрида ротация тамойили асосида Коэн Энергетика вазирлигини бошқарган Кац билан ўрин алмашиши кўзда тутилган. Агар коалиция шу вақтгача давом этса, вазирлар 2025 йил декабр ойида портфелларини алмаштиради.