Жаҳон | 09:17 / 02.01.2024
19911
2 дақиқада ўқилади

Японияда зилзила қурбонлари сони ортиб бормоқда

Биргина Япония ғарбидаги Вадзима шаҳрида кучли зилзила оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди. Қурбонлар умумий сони камида ўн олти кишига етди. Метеорологларнинг огоҳлантиришича, ҳафта давомида, айниқса, кейинги икки-уч кун ичида яна кучли зилзилалар юз бериши мумкин. 

Фото: Kyodo News/AP//picture alliance

Япониянинг ғарбий соҳилидаги Ното яриморолида содир бўлган кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони ортишда давом этмоқда. Бош вазир Фумио Кишида 2 январ, сешанба куни «кўплаб қурбонлар» борлигини айтди. У омон қолганларни қутқариш жараёнини «вақт билан пойга» деб атади. 

Mainichi Shimbun газетасининг хабар беришича, камида 16 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Энг кўп қурбонлар Исикава префектураси Вадзима шаҳрида бўлган: NHK телеканали маълумотларига кўра, у ерда 8 киши ҳаётдан кўз юмди. Камида етти киши жиддий жароҳат олди, кўплаб бинолар вайрон бўлди – ўнлаб уйлар ёниб кетган, яна кўплари қулаган, деб хабар берди маҳаллий ҳукумат. 13 соатдан кейин ҳам ёнғинларни тўлиқ ўчиришнинг имкони бўлмаган. Минтақада қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. 

Токиодаги уйларда ҳам силкиниш сезилди

1 январ куни Япониянинг марказий қисмида зилзила юз берди, унинг магнитудаси 7,6 ни ташкил этди. Зилзила эпицентри Ното яриморолида жойлашган, аммо ҳатто Япония пойтахти Токио яқинида, тахминан 400 км масофадаги уйларда ҳам силкинишлар сезилган. Ер силкиниши натижасида кўчкилар юз берди, йўл қопламалари ёрилиб, дарахтлар ағдарилди. Бир қатор префектуралар 5 метргача бўлган цунами ҳақида огоҳлантирди ва кейинроқ у бекор қилинди, бироқ маҳаллий аҳолидан эҳтиёт чораларини кўриш сўралмоқда.

Бош вазир Кишида сўзларига кўра, шикастланган транспорт йўллари туфайли яриморолнинг шимолий қисмига етиб бориш қийинлашган. Қутқарувчилар денгиз орқали алоҳида ҳудудларга етиб боришга уриниб кўради.

Сешанба куни эрталаб ҳам афтершоклар давом этди. Япония метеорология бошқармаси маълумотларига кўра, душанбадан бери жами 155 та ер силкиниши қайд этилган. Метеорологларнинг огоҳлантиришича, ҳафта давомида, айниқса, кейинги икки-уч кун ичида яна кучли зилзилалар юз бериши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид