Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй Украинага ёрдам беришни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади
«Россия раҳбарияти ўзини тинчлик музокараларини хоҳлаётганлар каби тутмаяпти», деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби.
Россия томонидан Украинага уюштирилган оммавий ракета ҳужумлари Россия президенти Владимир Путин тинчлик музокараларини олиб боришга тайёр эмаслигини кўрсатади. Шу сабабли АҚШ Конгресси президент Жо Байден сўраган Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратишни маъқуллаши жуда муҳим. Бу ҳақда 3 январ, чоршанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
«Охирги 48-72 соат ичида Россия Украинадаги нишонларга, жумладан, нафақат ҳарбий нишонларга, балки фуқаролик нишонларига ҳам учувчисиз учиш қурилмалари ва ракеталарни, жумладан баллистик ракеталарни учиришда давом этаётганини кўрдингиз. Қишда қурол ишлатиш, улар (украиналиклар)нинг инфратузилмасига ҳужум қилиш давом этяпти», — деди Кирби.
«Сўнгги бир неча кун ичида матбуотда жаноб Путин тўсатдан музокаралар ўтказмоқчи, деган шов-шувга келсак... Кўриниб турибдики, у ўзини музокаралар олиб бормоқчи бўлган одамдек тутмаяпти. Шунинг учун бу - президент (Байден) томонидан илгари сурилган қўшимча молиялаштириш ҳақидаги сўров - маъқулланиши жуда муҳим», деб таъкидлади АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори. Унинг нутқи стенограммаси Оқ уй сайтида чоп этилган.
Шу билан бирга, Кирби Байден ҳукумати «янги йил олдидан, рождестводан кейин» Украинага маблағ ажратилган охирги хавфсизлик ёрдам пакетини ўтказганини эслатди. «Биз бу иш (Украинага ёрдам кўрсатиш)ни давом эттиришимиз учун Конгресс қўллаб-қувватловига муҳтожмиз», — дея хулоса қилди у.
АҚШ Украинага қурол етказиб беришни тўхтатадими?
Кейинчалик брифингда Конгресс Украинага кейинги ёрдамни маъқулламаса нима бўлади ва бу мамлакатга қурол етказиб бериш тўхтатиладими, деган саволга Кирби: «Буни қилишга мажбур бўламиз», деди.
«Президент биз кўрсатиш ваколатига эга бўлган охирги ёрдам пакети бўйича фармонни имзолади. Бўлди. Биз Украинага хавфсизлик бўйича қўшимча ёрдам кўрсатишимиз учун бу қўшимчалар бўйича келишиб олишимиз керак», - дея қўшимча қилди Кирби.
У ҳар сафар навбатдаги ёрдам партиясини ажратиш тўғрисидаги фармон имзолангандан кейин уни етказиб беришдан олдин бир неча кун, ҳатто ҳафталар ўтишини эслади. «Шу тариқа, 27-куни келишилган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам Украинага ҳали етказиб берилмади; бу яқин кунлар ва ҳафталарда содир бўлади. Аммо бундан кейин, қўшимча маблағ йўқлиги сабабли, ундан бошқа нарса ҳозирча йўқ», деди у.
Шу билан бирга, Кирби Вашингтон «Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш учун қўлидан келган барча ишни қилишига» ишонтирди. «Аммо биз кўрсатишимиз мумкин бўлган хавфсизлик ёрдами турлари ва уни кўрсатиш частотаси бўйича - ҳар икки ҳафта - жорий йил учун сўнгги ёрдамни тақдим этганимизда, 27-санада бизда маблағ бор эди», — дея қўшимча қилди у.
АҚШ давлат қарзининг рекорд ҳажми
2 январ куни АҚШ молия вазирлиги тарихда биринчи марта АҚШ давлат қарзи 34 триллион доллардан ошгани тўғрисида статистик маълумотларни эълон қилди. 2023 йил бошида АҚШ давлат қарзи белгиланган чегарадан 31,4 триллион доллардан ошиб кетди. Шундан сўнг, молия вазирлиги лимит кўтарилмаса, дефолт хавфи ҳақида бир неча бор огоҳлантирди. АҚШ президенти Жо Байден ва демократлар Конгрессни ҳеч қандай шартларсиз чегарани оширишга чақиришди. Шу билан бирга, Вакиллар палатасини назорат қилувчи республикачилар бюджет харажатларини камайтирмасдан туриб буни қилишдан бош тортди.
2023 йилнинг 29 майида Байден ва Вакиллар палатасининг ўша пайтдаги спикери Кевин Маккарти муросага келди ва июн ойида АҚШ президенти 2025 йил 2 январгача давлат қарзи чегарасини оширишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Ушбу санага қадар чеклов тўхтатилади. Ўшанда Оқ уй давлат қарзи бўйича келишув Украинага ёрдамга таъсир қилмаслигига ишонтирди.
2023 йил ноябр ойида Жо Байден «шатдаун»нинг олдини олиш учун федерал ҳукумат ишини 2024 йил 19 январгача вақтинчалик молиялаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади, унга Украина ва Исроилга ёрдам бериш учун маблағлар киритилмаган.
Американинг Украинага ҳарбий ёрдамини янгидан молиялаштириш фақат Конгресс розилиги билан амалга ошиши мумкин. Бироқ, бу масалада демократлар ва республикачилар ўртасида бирдамлик йўқ. Оқ уй Украинага 61,3 миллиард доллар ёрдам сўрамоқда. Республикачилар партияси ички муаммоларни ҳал қилиш - АҚШнинг Мексика билан чегарасини мустаҳкамлаш ва ноқонуний миграция кўламини чеклаш учун қўшимча маблағ ажратмасдан туриб, бу транш бўйича келишиб олишдан бош тортмоқда.