Ўзбекистон | 19:20 / 06.01.2024
9027
3 дақиқада ўқилади

2023 йилнинг декабри меъёрдан иссиқроқ, ноябри эса энг иссиғи бўлди — Ўзгидромет

Ўтган ойда ҳарорат ўзгаришида жиддий силжиш бўлди: кундузги энг юқори ва энг паст ҳарорат ўртасидаги фарқ 30-35 даражага етди. Декабр ўрталарида 2-3 кун қаттиқ совуқ бўлган бўлса-да, ўртача ойлик ҳарорат меъёрий қийматлардан 1,5–2 даражага, жанубда 2,5–3 даражага юқори бўлган. Шунингдек, 2023 йилнинг ноябри Ўзбекистондаги метеорологик кузатувларнинг барча йилларидаги энг иссиқ ноябр бўлди.

Фото: Kun.uz

2023 йилнинг ноябр ойи Ўзбекистондаги метеорологик кузатувларнинг барча йилларида энг иссиқ ноябр бўлди, дея маълум қилди Ўзгидромет.

Синоптикларга кўра, декабр ойи ҳам ғайриоддий бўлган. Ўзбекистонда қиш ойларида ҳароратнинг ўзгариб туриши одатий ҳодиса, лекин 2023 йилнинг декабрида “ҳарорат ўзгариши” жиддий силжиди, дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, декабр ойининг бошида ва учинчи ўн кунликнинг ўрталарида ҳаво ҳарорати 18-23 даража илиқ, жанубда 24-26 даража илиқ бўлган. 12-14 декабр кунлари даврида республика ҳудудига Арктика ҳудудларидан совуқ оқим кириб келган. Кечалари ҳаво ҳарорати 16-21 даража совуқ, шимолда баъзи жойларда 22-25 даража совуқ бўлган.

Кескин совуққа сабаб бўлган антициклон Ўзбекистон ҳудудини тезда тарк этган. Қаттиқ совуқлар 2-3 кун давом этиб, сўнг ҳаво ҳарорати декабр ойи учун бўлган меъёр қийматларга қайтган.

Таъкидланишича, декабрда республика ҳудудининг катта қисмида кундузги энг юқори ва энг паст ҳарорат ўртасидаги фарқ 30-35 даражани ташкил этган. Шундай қилиб, Тошкентда 4-6 декабр ва 23-25 декабр кунлари кундузги ҳаво ҳарорати 19-22 даража илиқ, 12-13 декабр кунлари эса 5-8 даража совуқ бўлди.

Метеорологик кузатувлар тарихи давомида декабр ойида бундан ҳам паст даража кузатилган. Бу ойда минимал ҳароратнинг мутлақ қийматлари 22-27 даража совуқни, баъзи жойларда 29-32 даража совуқни ташкил этган.

Сўнгги 30 йил ичида ҳароратнинг энг паст қийматлари 2012 йил декабр ойида қайд этилган эди. Бироқ, 2023 йил 13 декабр куни Тошкентда ҳарорат 15,9 даража совуққача пасайиб кетган ва бу – сўнгги 30 йил ичидаги энг паст ҳарорат бўлган.

Иккинчи ўн кунликда совуқ тўлқин сезиларли даражада бўлишига қарамай, декабр ойининг ўртача ойлик ҳарорати меъёрий қийматлардан 1,5-2 даражага, жанубда 2,5-3 даражага юқори бўлган.

2023 йил декабр ойи қуруқ бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик декабр ойнинг ойлик меъёри ярмидан кам бўлди. Фақат Тошкент ва Наманган вилоятларининг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрга яқин бўлди.

Мавзуга оид