Жаҳон | 00:24 / 07.01.2024
21697
2 дақиқада ўқилади

АҚШ разведкаси Хитой ракеталари сув билан тўлдирилган деб ҳисобламоқда – ОАВ 

Мамлакат армиясидаги коррупция унинг умумий имкониятларига, айниқса ракета кучларига бўлган ишончни сусайтиргани таъкидланмоқда.

Фото: Getty images

Хитой раиси Си Жинпинг томонидан мамлакат армияси сафида «тозалаш» ишларининг олиб борилиши коррупция билан боғлиқ. Айнан коррупция Хитой армиясини модернизация қилиш саъй-ҳаракатларига ва уруш олиб бориш салоҳиятига путур етказган, деб ёзди Bloomberg Америка разведкасига таяниб.

Қайд қилинишича, Хитойнинг ракета кучлари ва унинг мудофаа саноати базасидаги коррупция шу қадар кенг тарқалган-ки, АҚШ расмийлари Си Жинпинг яқин йилларда йирик ҳарбий ҳаракатларни бошлашга ботина олмаслигига ишонмоқда.

АҚШ разведкаси Хитойдаги коррупция оқибатларига бир қанча мисоллар келтирди, жумладан, ёқилғи ўрнига сув билан тўлдирилган ракеталар ва ракеталарни самарали учиришга имкон бермайдиган шахталар.

Таъкидланишича, Хитой халқ озодлик армиясидаги коррупция унинг умумий имкониятларига, айниқса ракета кучларига бўлган ишончни сусайтирган ва Си Жинпингнинг армияни модернизация қилиш бўйича баъзи устувор йўналишлардан воз кечишга мажбурлаган. Сўнгги 6 ой ичида Хитой мудофаа вазирлигининг ўндан ортиқ юқори мартабали амалдорлари пора билан қўлга тушган. Нашрнинг қайд қилишича, бу Хитойнинг замонавий тарихида қуролли кучларига қарши бошланган энг йирик репрессия бўлиши мумкин.

АҚШ разведкаси фикрига кўра, ҳарбий «тозалашлар» Хитой раҳбарининг Коммунистик партия устидан назорати ҳамон кучли эканини ва у интизомни яхшилаш, коррупцияни йўқ қилиш ва охир-оқибат Хитой армиясини узоқ муддатли урушга тайёрлашга жиддий ёндашаётганини англатади.

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид