Жаҳон | 22:00 / 10.01.2024
7022
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистон тез орада Тошкентда ўз элчихонасини очади 

Элчихонада 3 нафар доимий ходим ишлаши режалаштирилган ва тегишли харажатлар мамлакатнинг 2024 йилги бюджетига киритилган. 

Фото: tourister.ru

9 январ куни Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батцэцэг Батмонх хоним Мўғулистон парламенти раиси Занданшатар Гомбожавга Буюк Давлат Хуралининг Мўғулистоннинг Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги элчихонасини очиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тақдим этди. 

«Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик бозор ҳисобланган ва 35 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва енгил саноатни ривожлантириш бўйича етакчи ҳисобланади, шунинг учун биз соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтириш ва диверсификация қилишда ҳамкорлик қилишимиз керак. Бу миллий ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотларини ҳудудда оммалаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, гўшт ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятларга эга мамлакатдир», дейилади вазирлик баёнотида. 

Қайд қилинишича, ўзаро товар айирбошлаш сўнгги йилларда босқичма-босқич ўсиб бормоқда ва 2022 йилда 10,4 миллион АҚШ долларига етган. Икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳамкорликда 2022 йилда Тошкентда Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасида ишбилармонлик учрашувини ташкил қилган. 

Таъкидланишича, Мўғулистоннинг Тошкентдаги элчихонасида 3 нафар доимий ходим ишлаши режалаштирилган ва тегишли харажатлар мамлакатнинг 2024 йилги бюджетига киритилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид