Жаҳон | 21:02 / 11.01.2024
9204
9 дақиқада ўқилади

Блинкен яна Яқин Шарқда. Ғазо атрофидаги сиёсий вазият қандай?

Исроил Ғазо секторига ҳужум бошлаганига 3 ойдан ошди. 2024 йил бошланиши билан Қўшма Штатлар давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарққа навбатдаги сафарини уюштирди. Хўш, охирги ҳафталрада Ғазо инқирози атрофидаги геосиёсий тенденциялар қандай ўзгаряпти? “Геосиёсат” бу ҳақдаги саволларни сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовга берди.

— Блинкеннинг Яқин Шарққа навбатдаги сафари, Туркия раҳбари билан ҳам учрашгани нимани англатади?

Шавкат Икромов: — Блинкен бу уруш бошлангандан бери тўртинчи марта Яқин Шарққа келди, Иордания, Исроилда ҳам бўлди. Тинч аҳоли ўлимининг олдини олиш бўйича музокаралар олиб борди. Эрдўған билан учрашувда ҳам кескин мавзулар йўқ, эски масалалар муҳокама қилинган, яъни Ғазода ким қолиши, аҳолига ёрдам кабилар.

Уруш бошлагандан буён Туркиянинг таъсири ошиб бормоқда, шунинг учун ҳам АҚШ Туркияга кўпроқ эътибор қаратяпти энди. Кейинги музокара жараёнлари Туркияга топширилиши ҳам мумкин. Аммо жорий вазиятда кескин ўзгаришга олиб келувчи баёнотлар берилмади. Туркияда НАТО келажаги, Украина масалалари ҳам муҳокама қилинди. Иорданиядаги учрашувда ҳам шу каби масалалар кўрилди. Томонлар минтақада фақат дипломатик йўл билан тинчлик ўрнатишга ишонмоқда.

Камолиддин Раббимов: — АҚШнинг биринчи мақсади урушнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик. Ямандаги ҳусийлар ҳужумлар қилиб турибди, Telegraph газетаси маълумотига кўра, ҳусийларнинг ҳаракати бўйича Ҳумайний иштирокида режалар тузилган. Иккинчи томондан АҚШ Ироқдаги вазият издан чиқишидан хавотирда, чунки Ироқ давлатчилиги анча заиф, бош вазир вазиятни тўлиқ назорат қилолмайди, парламентда эронпараст амалдорлар ҳам етарли. «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти ҳам вазиятни кузатиб боряпти, унинг лидери Ҳаман Насрулло жуда ҳам кучли сиёсатчи ҳисобланади.

Умуман АҚШнинг мақсади Исроилни ҳимоя қилиш, шу йўлда Саудия, Туркия каби давлатлар билан мулоқот қилиш ва минтақада урушни кенгайишига йўл қўймаслик. Араб давлатлари ҳам Блинкенга босимлар қиляпти. Саудиянинг Лондондаги элчиси агар Исроил қилган ишни бошқа давлат қилганда, дунё давлатлари бундай сиёсий тузумни аллақачон йиқитган бўлар эди, деган гапни айтди. Юқорида айтилганидек, Туркия таъсири ошяпти. Блинкен уруш тугагач, Ғазони ким назорат қилади ва унинг тикланишига қайси давлатлар қандай ёрдам бера олади, деган масалани аниқлаштирмоқчи.

— Бир неча кун аввал Politico нашрида АҚШ Яқин Шарқдаги урушнинг эҳтимолий кенгайишига тайёрланаётгани ҳақида хабарлар кенг тарқалди, бунга асос борми, бор бўлса эҳтимолий нуқталар қайсилар?

Камолиддин Раббимов: — Асосий хавотир нуқтаси Ямандаги ҳусийлар. Уларга таъсир қилувчи ягона давлат Эрон. Яқин Шарқдаги вазият издан чиқиб, АҚШ таъсири пасайишини истайди Россия. Ироқ бош вазири АҚШ ҳарбийлари чиқиб кетишини айтганда ҳам Россия ташқи ишлар вазирлиги қўллади. Россия ва Эроннинг мақсади Яқин Шарқда АҚШ иштирокини камайтириш.

Яна бир қизиқ ҳолат: Ироқдаги АҚШга тегишли базаларга Эронга яқин бўлган кучлар томонидан жуда кўплаб ҳужумлар бўляпти, аммо АҚШ жавоб беролмаяпти. АҚШ Эрон билан тўғридан тўғри урушни истамайди, чунки айни вазиятда ресурслар етмайди.

Шавкат Икромов: — Politico нашрида уруш кенгайиши бўйича тахминий сценарий ҳам берилган. Биринчи ўринда Яман ҳудуди, Ливан ҳудудлари, Ироқ ва Эрон ҳудудлари ҳам айтилган. Яманда уруш ҳаракатлари бўлса, бу уруш Яман билан эмас, у ердаги ҳусийлар билан бўлади. Ҳусийлар билан уришиш муваффақиятга олиб келмаслигини кўплаб АҚШ таҳлилчилари айтмоқда. Саудия 7 йил ҳусийлар билан урушди, аммо натижаси бўлмади. Шунинг учун бу ерда уруш бўлиши эҳтимоли камроқ, шундоқ ҳам Қизил денгиздан юк ташиш сўнгги ойда 35 фоизга қисқариб, Саудия ва бошқа давлатлар иқтисодиётига катта таъсир қиляпти. Саудия минтақавий хавфсизликка ҳаракат қилаётган бир пайтда барчаси йўққа чиқиши мумкин. Шу сабабли Кўрфаз араб давлатлари дипломатлари ҳам кескин баёнотлар беряпти Исроилга нисбатан. Қўшма штатларга ҳам ишончсизлик билдирилмоқда. Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ғазога ёрдам бериш бўйича кенгаши тузилди, унга раҳбарлик қилаётган Саудия ташқи ишлар вазири масалани муҳокама қилиш учун Пекин ва Москвага борди, шунинг ўзи расмий Вашингтонга ишончсизликни билдиради.

Ливан бўйича гапирадиган бўлсак. Ҳар доим Исроил ва Фаластин ўртасидаги урушларда Ливаннинг бир қисми урушга тортилган. «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўзаро урушдан тийилишга ҳаракат қилади, чунки катта урушга сабаб бўлиб кетади.

Эрон ва Ироқ масаласи алоҳида бир масаласи. Айни пайтда Эронда уруш ҳаракатлари бошлашга АҚШ ҳам журъат қилолмайди, ресурслар етмаслигидан ташқари бу йил сайловлар йили АҚШда, бундай пайтда урушга кириш маъқул ҳисобланмайди.

Ироқ ҳудудида харбий ҳаракатлар олиб бориш эса Туркия ва Россия билан музокараларни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкин, янги фронтлар очилиб, уруш кенгайиб кетиши ҳақиқатга яқин эмас.

— Саудиянинг дипломатиядан ташқари таъсир ричаглари борми яна?

Шавкат Икромов: — 1973 йилда Саудия нефт қувурларини ёпиш орқали нефт инқирозини келтириб чиқарган эди. Яна шундай қилиш имкони бор. Аммо Саудия дипломатия билан масалани ҳал қилмоқчи. Саудия Ғазода тинчлик бўлишидан энг кўп манфаатдор. Негаки Саудия узоқ йиллардан бери минтақавий барқарорликка интилади ва бунинг ортидан иқтисодий тараққиётга эришишни кўзлайди, 2030 йилгача иқтисодий кучли давлатлар 20 талигига кирмоқчи, аниқ стратегиялари, катта-катта лойиҳалари бор. Ғазодаги вазият эса буларни тўхтатиб қўйяпти.

— Кечаги хабарларга кўра Қатар келишувнинг янги шартларини таклиф қилди: асирга олинганларни озод қилиш, Исроил аскарларини Ғазодан олиб чиқиш ва ҲАМАС етакчиларини Ғазо секторидан чиқариб юбориш. Бу келишув амалга ошса, Ғазо тақдири нима бўлади?

Камолиддин Раббимов: — Бу талабларни Исроил қабул қилолмайди. Нетаняҳу биладики, олдига қўйган вазифаларини минимал бажармасдан туриб, ташқи босим билан Ғазодан чиқиб кетса, ҳокимиятда узоқ қололмайди. Шундоқ ҳам урушдан кейин ҳокимиятдан кетиш эҳтимоли жуда катта. Чунки олдига қўйган миссияси бор эди, биринчи навбатда араб давлатлари Исроилни тан олиши, аммо вазият ўзгариб кетди.

Уруш бошида Исроил ҲАМАСни йўқ қилмоқчи эди. Шунинг учун ҳам Исроил ҲАМАСни чиқариб юборишга рози бўлмайди. Қатарнинг бу талаби амалга ошиши эҳтимоли кам. Аммо Исроил вазиятдан қандай чиқишни ҳам билмайди. Ҳатто халқаро институтлар доирасида босим қилиш бошланди. ЖАР Исроилни Ҳаага судига берди, буни бир қанча давлатлар қўллади ҳам. Бундай босимларга бардош бериш қийин, бардош берганда ҳам асоратлари қолади. Ҳомийлигидаги Исроил шу ишларни қилгандан кейин АҚШ бошқалардан инсон ҳуқуқларини талаб қилиши қийин масала. АҚШ учун Исроил оғир асоратли юкка айланиб бўлди.

Шундай бир вазиятда Қатар талабларини Исроил ҳам, ҲАМАС ҳам бажармайди, менимча. ҲАМАС учун ҳозирги вазият қулай, яъни аҳоли уларни қўллайди, яхши яширинган, 10 йил давомида ерости туннеллари тизимини шакллантирган. ҲАМАС вакилларини тўла топиш деярли имконсиз иш, шундай бир шароитда урушнинг чўзилиши ҲАМАС учун манфаатли.

Исроил босқинчи давлат сифатида аллақачон намоён бўлган. АҚШ фуқаролари Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга дейди, аммо Европа аҳолиси Исроилни танқид қилади, айниқса сўнгги 20-30 йил ичида европаликлар Фаластин томонида.

Шавкат Икромов: — Исроил ва ҲАМАС бир-бирини йўқ қилмагунча уришишини айтади. Уруш қандай тугашидан қатъи назар, ҲАМАС мақсадларининг бир қанчасига эришди. Масалан, минтақадаги АҚШ бошлаган меъёрлаштириш жараёнини издан чиқармоқчи эди, бунга эришди. ҲАМАСнинг Ғазодан чиқиши ҳақида гапириш реалликдан йироқ. ҲАМАС Ғазога шундай жойлашганки, гўёки йўқдек. ҲАМАС лидерларини йўқ қилиш мумкин, лекин уларнинг ўринбосарлари тайёрлаб қўйилган, ҲАМАС бу урушга ҳар томонлама тайёрланган. Шу маънода ҳали кураш давом этади ва Қатар таклиф этаётган ечим ўзини оқламайди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид