Жаҳон | 19:30 / 18.01.2024
7163
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ раҳбари «X касаллиги» ҳақида огоҳлантирди 

Аслида бундай касаллик йўқ. Бу ҳар қандай пандемияни келтириб чиқариши мумкин бўлган эҳтимолий касаллик учун умумий атамадир. 

Фото: Getty Images

Дунё келажакдаги номаълум касалликларга, хусусан, «Х касаллиги»га тайёрланиши керак. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида маълум қилди. Бу ҳақда РБК ёзди. 

ЖССТ раҳбари ижтимоий тармоқларда «X касаллиги» тушунчасига эътибор кучайганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «X касаллиги» ҳар қандай номаълум касаллик учун атамадир. ЖССТ бу атамадан 2018 йилдан буён эҳтимолий пандемияга тайёргарликни муҳокама қилишда фойдаланмоқда. Бу касаллик машҳур MERS, Зика ва Эбола вируслари билан бир қаторда исталган вақтда пайдо бўлиши мумкин. 

Дунё учун биринчи бундай зарба COVID-19 бўлди, уни осонгина биринчи «X касаллиги» деб аташ мумкин ва у «қайта содир бўлиши мумкин». 

«X касаллиги» кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда... Лекин бу янгилик эмас, биз бу атамани биринчи марта 2018 йилда қўллаган эдик... Номаълум касалликлар мавжуд ва уларнинг пайдо бўлиши «агар» эмас, балки фақат «қачон» деган саволни туғдиради», деди Гебрейесус. 

«Нима бўлиши мумкинлигини олдиндан башорат қилиш ва унга тайёргарлик кўриш яхшироқдир. Биз бундай воқеаларга тайёргарликсиз дуч келмаслигимиз керак», деб таъкидлади у. 

Бундай тайёргарликлар эрта огоҳлантириш тизимини, шунингдек, кўпроқ тиббий майдон ва ходимларга шошилинч эҳтиёж туғилганда фойдаланиш мумкин бўлган тизимларни ўз ичига олади. 

Гебрейесус аҳоли орасида ваҳима пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларга эътибор қаратди, аммо унинг фикрича, бу нотўғри. Шу билан бирга, у ЖССТ пандемиядан олдин ҳам COVID-19 каби вируснинг пайдо бўлишига тайёргарлик кўрилганини қўшимча қилди. 

Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятни келажакдаги пандемияларга тайёргарлик кўриш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. 

ЖССТ янги пандемияга олиб келиши мумкин бўлган патогенни ўрганишни тезлаштириш учун «X касаллиги»ни ўзининг устувор касалликлар рўйхатига киритган. Ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг ўлим даражаси COVID-19 касаллигидан 20 баравар юқори бўлиши мумкин. 

РБК нашрининг ёзишича, Жаҳон иқтисодий форумида «X касаллиги» ҳақидаги баёнотларнинг янграши илмий эмас, балки иқтисодий сабабларга эга. Бундан айниқса йирик фармацевтика компаниялари манфаатдор, чунки улар «X касаллиги»га «тайёргарлик кўриш» мақсадида сармояларни кўпайтириш тарафдори. 

Бундан ташқари, коронавирус пандемиясидан сўнг ЖССТ глобал соғлиқни сақлаш архитектурасини ислоҳ қилиш зарурлиги ғоясини илгари суришга ҳаракат қилмоқда, келажакдаги таҳдидларни асос сифатида кўрсатиб, дунёнинг уларга тайёр эмаслиги ҳақида гапириб, ташкилотни молиялаштиришни кўпайтиришга чақирмоқда.

Мавзуга оид