Жаҳон | 11:15 / 22.01.2024
5471
2 дақиқада ўқилади

Берлин чеккасига астероид қулади

Осмон жисми атмосферага киришдан олдин аниқланган, шу сабабли у видеога олинди ҳамда қулаш жойи ҳисоблаб чиқилди.

Фото: Christoph Seidler/DER SPIEGEL/dpa/picture alliance

21 январ, якшанбага ўтар кечаси Берлин осмонида астероид кўринди, у, экспертларнинг фикрига кўра, Германия пойтахти ғарбига қулаган, деб хабар бермоқда dpa.

Кичик сайёралар маркази (MPC) маълумотларига кўра, диаметри бир метрга яқин бўлган астероидни венгриялик астроном Кристиан Шарнецки аниқлади. Осмон жисмига дастлаб Sar2736 тахминий номи берилган, ҳозир у 2024 BX1 деб аталмоқда. Сўнгги йилларда бир неча марта астероидни Ер атмосферасида ёниб кетишидан олдин аниқлаш мумкин бўлганди, дея қайд этади dpa. 

АҚШ миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш агентлиги (NASA) ҳисоб-китобларига кўра, астероид Бранденбургдаги Неннхаузен мавзеси яқинига қулаши керак эди. Полиция маълум қилишича, тушиб кетган осмон жисми оқибатида етказилган зарар ҳақида ҳеч қандай хабар олмаган.

Одамлар астероид парчаларини қидиришга кела бошлади, деб ёзади dpa. 

Ўтган йили Германияда оғирлиги 3,5 кг бўлган метеорит уйлардан бирининг боғига қулаган эди. Тош 200 минг еврога баҳоланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид