Жаҳон | 12:51 / 23.01.2024
4142
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг урушга қарши қўмитаси «номақбул ташкилот» деб эълон қилинди

Давлат думаси депутати Андрей Луговой Бош прокуратуранинг жавобига таяниб, «Россия Федерациясининг урушга қарши қўмитаси»нинг «номақбул» деб тан олинишини эълон қилди. Шунингдек, у ташкилот устидан шикоят қилган.

Фото: AP

Россия Федерацияси Бош прокуратураси Россиянинг урушга қарши қўмитасини «номақбул ташкилот» деб тан олди, деди 22 январ, душанба куни ташкилот устидан шикоят қилган Давлат думаси депутати Андрей Луговой.

Луговой бош прокурор биринчи ўринбосари Анатолий Разинкиннинг жавобини эълон қилди, унда 11 январ куни урушга қарши қўмита «исталмаган» деб тан олингани айтилади. Бу ҳақда аввалроқ хабар берилмаган ва у «номақбул» ташкилотлар реестрида ҳам йўқ.

Ҳужжатдан кўриниб турибдики, Russian antiwar comittee («Россиянинг урушга қарши қўмитаси») билан бир қаторда, унинг «ассоциацияланган аъзолари» - Франциянинг Russie-Libertes ва Испаниянинг La Asocicion de Rusos Libres «номақбул» деб ҳисобланади.

Андрей Луговой Михаил Ходорковскийни «Россиянинг урушга қарши қўмитаси»нинг яратувчиси деб атайди ва ўз веб-сайтида кўрсатилган қўмитанинг фаолиятини санаб ўтди. «Россия ҳаракат қўмитаси», «Озод Россия конгресси», «Биринчи парвоз», «Ревизия» ва «Тонг» - буларнинг барчаси уруш қурбонлари, қочқинлар ва муҳожирларга гуманитар ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Андрей Луговой ким?

Москва олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти битирувчиси (1987 йилда) Андрей Луговой, ўзи айтганидек, СССР Давлат хавфсизлик қўмитасининг собиқ зобити. Британия суди уни 2006 йил ноябр ойида Лондонда содир этилган ғарбга қочиб кетган собиқ ФСБ зобити Александр Литвиненко ўлдирилишининг эҳтимолий айбдори деб топди. Литвиненко ФСБ кўрсатмаси билан Андрей Луговой ва унинг шериги Дмитрий Ковтун томонидан заҳарланган, дейилади ушбу жиноятни тергов қилган судья Роберт Оуэннинг ҳисоботида. Луговой Оуэннинг хулосаларини абсурд деб атади. Ўз навбатида, ушбу ишни кўриб чиққан инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Луговой ва Ковтунни «Россия давлатининг агентлари сифатида ишлаган» деб топди.

«Урушга қарши қўмита» уруш қурбонларига ёрдам беради

Россиянинг урушга қарши қўмитаси 2022 йил 27 февралда, Украинада уруш бошланганидан кўп ўтмай, бир гуруҳ россиялик жамоат арбоблари ва фаоллари томонидан ташкил этилган жамоат ташкилотидир. Қўмита сайтида таъкидланганидек, лойиҳанинг мақсади «ушбу қонли урушга қаршилик кўрсатиш, умумий позицияни ишлаб чиқиш, одамларга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга ёрдам бериш ва тажовузкорлик туфайли юзага келган кўплаб муаммоларни ҳал қилиш»дир.

Россияда «номақбул ташкилотлар» фаолияти тақиқланган. Фуқароларга улар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг тадбирларида қатнашиш ва материалларни тарқатиш ман этилади. Буларнинг барчаси маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид