Жаҳон | 08:38 / 23.01.2024
1789
2 дақиқада ўқилади

Туркия парламенти Швециянинг НАТОга аризасини 23 январ куни кўриб чиқади

Швециянинг НАТОга кириши масаласи Туркия парламенти кун тартибига қўйилган, овоз бериш муҳокамадан сўнг бўлиб ўтади, деб хабар берди CNN Turk.

Фото: eurointegration.com.ua

Туркия парламентининг 23 январ, сешанба куни бўлиб ўтадиган бош ассамблеясида Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протокол муҳокама қилиниши ва овозга қўйилиши мумкин, деб хабар берди 22 январ, душанба куни CNN Turk телеканали. Тегишли масала аллақачон кун тартибига киритилган, овоз бериш парламент муҳокамаларидан сўнг ўтказилиши керак, дея аниқлик киритмоқда телеканал. Bloomberg аввалроқ Швеция таклифи бўйича овоз бериш шу ҳафта ўтказилиши мумкинлигини хабар қилган эди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг иттифоқчиси билан бирга парламентда кўпчиликни ташкил этган партияси протоколни ратификация қилиш учун парламентдан ёрдам сўрайди, деди Bloomberg агентлигига ҳукуматдаги юқори мартабали манба. Туркия парламенти бош ассамблеяси томонидан ўтказиладиган овоз бериш, Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш истаги декабр ойи охирида парламент ташқи ишлар қўмитаси томонидан маъқуллангандан кейинги йўлдаги навбатдаги қадамдир.

Швеция ва Финландиянинг НАТОга йўли

Швеция ва Финландия Россиянинг Украинага ҳужуми муносабати билан 2022 йилда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Финландия расман 2023 йил 4 апрелда Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлди. Швециянинг НАТОга қабул қилиниши ҳали Туркия ва Венгрия томонидан тасдиқланмаган.

Анқара дастлаб Швецияни Туркия террорчи деб ҳисоблаган курд фаолларини қўллаб-қувватлашда айблаб, Стокҳолм аризасини маъқуллашдан бош тортди. Швеция сиёсатини кескинлаштириш орқали Анқара шартларини бажарганини айтади. Узоқ давом этган музокаралар ва шартларни муҳокама қилишдан сўнг Туркия президенти Эрдўған Швеция аризасини Туркия парламентига кўриб чиқиш учун топширди ва ушбу ҳужжатни имзолади.

Туркиядан ташқари, Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси Венгрия томонидан ҳали қўллаб-қувватланмади, унинг бош вазири Виктор Орбан сентябр ойи охирида Будапешт бу масалани ҳал қилишга шошилмаслигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид