АҚШ Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказди
Қиймати 425 минг долларга тенг озиқ-овқат маҳсулотлари 120 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларидаги сил ва руҳий касалликлар билан оғриган беморлар, ногирон болалар ва қарияларга тарқатилади. 2010 йилдан бери USAID Ўзбекистонга жами 4,4 миллионлик 1500 тоннадан ортиқ озиқ-овқат етказиб берган.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга қиймати тахминан 425 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдами етказиб берди.
Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси хабарига кўра, 6,5 млн порция озиқ-овқатдан иборат бу ёрдам сил ва руҳий касалликлар билан оғриган беморлар, ногирон болалар ва қарияларни қўллаб-қувватловчи 120 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларига тарқатилади.
«Ушбу дастур Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида озиқланишни яхшилаш ва аҳолининг энг заиф қатламларини тўйимли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича мустаҳкам, давомий ҳамкорликни намойиш этади», деди USAID Ўзбекистон миссияси директори Дэвид Ҳофман маҳсулотларни топшириш маросимидаги нутқида.
Қайд қилинишича, 2010 йилдан бери USAID Озиқ-овқат ёрдами халқаро ҳамкорлик дастури орқали ўз ҳамкорлари ва Тошкентдаги «Соғлом авлод учун» нотижорат ташкилоти орқали Ўзбекистонга умумий қиймати 4,4 миллион доллардан ортиқ бўлган 1500 тоннадан ортиқ озиқ-овқат етказиб берган.
Ўзбекистонга янги инсонпарварлик ёрдами Қўшма Штатларнинг мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган узоқ муддатли сармоялари бўйича 122 миллион доллардан кўпроқ ва сўнгги 20 йил ичида жами 1 миллиард доллардан ортиқ ёрдамнинг бир қисми ҳисобланади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
12:19 / 22.11.2024