Жаҳон | 18:54 / 24.01.2024
4710
7 дақиқада ўқилади

Давос форуми: Бу йил нималар муҳокама қилинди?

Ҳар йили бошида дунё сиёсатчилари, йирик бизнес эгалари, экспертлар ва бошқа фаол зиёлилар жаҳон иқтисодий форумида қатнашиш учун Швейцариянинг Давос шаҳрига йиғилади. Хўш, бу форумдан мақсад нима, унинг доирасидаги бу йилги асосий мавзулар нималар бўлди?

Узоқ 1971 йилда, асли германиялик иқтисодчи Клаус Шваб Швецариянинг шарқида жойлашган Давос шаҳрида кичикроқ бир конференция ўтказади. Бошида, бу Давос конференциялари анча камтарин ва торроқ доирада ўтарди. Унинг йиғилишларида дунёнинг таниқли сиёсатчилари, энг катта компаниялари эгалари, йирик файласуф ёки мутафаккирларни кўриб бўлмасди.

Лекин, мана йиллар ўтиб, расман Жаҳон иқтисодий форуми деб аталувчи Давос форуми халқаро майдонда жуда яхши танилган катта брендга айланди. Форумнинг мақсади – дунёдаги таниқли иқтисодчилар, сиёсатчилар, мутафаккирлар ва ОАВ вакиллари ўртасида фикр алмашиш, мулоқот учун қулай майдон яратиш ҳисобланади.

Бу форумда асосан иқтисодчилар, сиёсатчилар, мутафаккир ва файласуфлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади. Форумда дунёда кечаётган энг йирик, муҳим иқтисодий, сиёсий, геосиёсий масалалар муаммолар муҳокама этилади. Албатта, бу форумда иштирокчилар ўз фикрларини жуда очиқ тарзда беришмайди, шундай бўлса-да, мулоҳазаларини ОАВга тушунарли шаклда баён қилишади.

Бу йилги Давос форумининг асосий мавзуси “Тарқоқ дунёда қандай қилиб ишончни тиклаш мумкин?” деган савол атрофида кечди ва унда жами 60 та давлатдан юқори мартабали амалдорлар, умуман, 120 та давлат делегациялари иштирок этди. Умумий иштирокчилар сони эса 2500 дан ортиқ бўлгани айтилди.

Дунёда жуда йирик тектоник геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришлар кечмоқда. Бундай ўзгаришлар кейинги уч ўн йиллик давомида пишиб келаётган эди. Собиқ СССР қулагач, АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарб совуқ урушдан тўлиқ ғалаба билан чиқди. Россия жароҳатланди. Хитой эса тинчгина иқтисодий ўсиш билан банд эди. Ўтган асрнинг охирги ўн йиллиги “мутлақ бир қутбли дунё” даври бўлди. АҚШ якка ҳукмронлик гаштини сурди.

2001 йил 11 сентябрдан сўнг ғарб ва мусулмон дунёси ўртасида ўзаро ишончга дарз кетди. 2000 йиллар давомида НАТОнинг шарққа кенгайиши фонида, Россия ва ғарб ўртасида ўзаро ишончсизлик чуқурлашди.

Кейинги 10-15 йилда Хитой билан АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатлар таранглашиб борди. Бугун, дунё экспертлари АҚШ-Хитой муносабатларини “21-асрнинг энг катта саволи” деб кўришади. Кейинги даврда кўплаб воқеалар юз бердики, бугун дунё давлатлари ва элиталари ўртасида, ўзаро ишонч худди совуқ уруш давридаги каби анча паст даражага тушди.

Давос форуми шунинг учун ҳам ўзаро ишончни оширишни ўз мавзуси сифатида кўтармоқда. Лекин, геосиёсий тарқоқ дунёда, бундай ишончсизликнинг бўлиши табиий эканини АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам таъкидлади. Хитой Давлат Кенгаши раиси, яъни ХХР бош вазири Ли Цян эса “тарқоқлик ҳамкорликка халақит бермаслиги керак” деган маънода чиқиш қилди.

Бу йилги Давос форумида, бир қанча муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Энг муҳим тадбирлардан бири – “Украина учун тинчлик режаси” деб номланди. Бу йиғилишда Украина президенти Зеленский чиқиш қилди. Сессияда жами 82 давлат делегациялари иштирок этгани айтилди. Аслида, форум ташкилотчилари бу йиғилишда давлат раҳбарларининг иштирокини таъминламоқчи бўлган. Аммо давлат раҳбарлари эмас, маслаҳатчилар ва экспертлар иштирок этган. Россия таклиф қилинмаган. Мезбон давлат бўлмиш Швейцария “Россия иштирокисиз, бундай йиғилишдан маъно-мазмун кам” деган оҳангда фикр билдирган.

2023 йилда сунъий интеллект шиддат билан ривожланди. Сунъий интеллект – Давос форумидаги энг муҳим мавзулардан бири бўлди. Бугунга келиб, сунъий интеллект борасида дунё экспертлари икки қутбга бўлинган. Бир томон сунъий интеллектни ўта хавфли деб билса, иккинчи томон, барчаси инсоннинг назорати остида бўлиб қолади деб ҳисоблайди. OpenAI компанияси директори Алтман Давосда чиқиш қилиб, “кейинги йилларда сунъий интеллект хавфли эмаслигини, аксинча, ривожланишга жуда катта ҳисса қўшишини кўрасиз” деган.

Кейинги йилларда бирон бир йирик халқаро тадбир иқлим мавзусини четлаб ўтмайди. Давос форумида ҳам шундай бўлди. БМТ бош котиби Гуттерриш Давосда чиқиш қилиб, “қайта ишланадиган энергияга ўтишнинг адолатли йўллари” ҳақида гапирган. Жами 300 дан ортиқ катта компаниялар иқлимга таъсир қилувчи чиқиндилар чиқаришни камайтириш мажбуриятини олган.

Сиёсий доиралар ўзаро суҳбатларда “Трамп қайтадими?” деган саволда, бир-бирларининг фикрларига алоҳида қизиққан. Ғарбий Европа ва АҚШ элиталарининг асосий қисми чуқур хавотирда. Айниқса, Трампнинг НАТОдан чиқиш, Европа билан алоқаларни танқидий кўриб чиқиш, Россия билан келишиш мазмунидаги баёнотлари, мейнстрим элиталарни ташвишга солади. Лекин АҚШ собиқ вице-президенти Альберт Гор “Трампнинг қайтиши аниқ эмас, у қадар хавотир олманг” деган мазмунда чиқиш қилган.

Қизиқ бир холат: Давос форуми иштирокичилари “номаълум касаллик” ҳақида ҳам фикрлар алмашишган. Яъни, форумнинг ушбу мавзуга бағишланган қисмида, иштирокчилар кейинги йилларда ўта хавфли бўлган “номаълум касаллик”, яъни ковид-19дан ҳам хавфлироқ пандемия юзага келиши эҳтимоллари ҳақида фикр алмашган.

Ўзбекистоннинг бу Давос форумида иштирок этиши кўп ҳам кузатилмаган. 2016 йилга қадар Ўзбекистон ўзини ихоталашни маъқул кўрди. Лекин минтақада, туркий дунёда, мусулмон дунёсида, қолаверса Евросиё қитъаси ва дунё геосиёсатида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши керак бўлган расмий Тошкент мана шундай форумларда ҳам фаол иштирок этиши, ўз қадриятлари, манфаатлари ва лойиҳалари ҳақида баралла гапириши зарур.

Чунки глобал дунёда ҳар бир давлат ўзининг ижобий ва бетакрор образини кўрсата олиши – жуда муҳим вазифа ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид