Жаҳон | 10:37 / 26.01.2024
4049
2 дақиқада ўқилади

Литва ҳарбийларига Россия, Беларус ва Хитойга сафар қилиш тақиқланди

Литва мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, тақиқ рўйхати миллий хавфсизликка таҳдид ва хавфлар баҳоланганидан кейин тузилган. Шунингдек, Литва ҳарбийларига Россия Федерацияси, Беларус ва Хитой ҳудуди орқали қуруқлик транзити тақиқланган.

Фото: AP

Литва ҳукумати мамлакат ҳарбий хизматчиларига расмий вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда Россия, Беларус ва Хитойга боришини тақиқлади, деб хабар берди BNS агентлиги 25 январ, пайшанба куни Вилнюсдаги мудофаа вазирлигига таяниб. Литва мудофаа вазирлиги ташриф буюриш тақиқланган давлатлар рўйхати миллий хавфсизликка таҳдид ва хавфларни баҳолаш асосида тузилганини таъкидлади. Тақиқ ҳаводан ташқари ушбу давлатлар ҳудуди орқали транзитга ҳам тегишли.

Россия, Беларус ва Хитойга боришни тақиқлаш ҳарбий хизматчи оғир касал бўлиб қолганлиги ёки у ерда яшовчи қариндошларининг вафоти муносабати билан у ерга бориши керак бўлган ёки у қариндошларининг васийси ёки ҳомийси этиб тайинланган ҳолатларга нисбатан қўлланмайди. Россия, Беларус ва Хитойга, агар бу Литва ҳарбий хизматчисининг шахсий иштирокини талаб қилса, мулк ҳуқуқи масалаларини ҳал қилиш учун ҳам боришга рухсат этилади.

Ёллашга уринишлар

Сентябр ойи охирида Литва инқирозларни бошқариш миллий маркази махфий маълумотлар билан ишлайдиганлар Россия, Беларус ва Литва учун хавф туғдирадиган бошқа мамлакатларга саёҳат қила олмаслигини эълон қилди. Марказ маълумотларига кўра, чекловлар 56 минг кишига таъсир қилади.

Тақиқ Беларус хавфсизлик хизматлари яқинда чегарада фаоллашгани билан изоҳланган. Литва разведкаси маълумотларига кўра, Литва фуқаролари чегара постларида сўроқ қилиниб, шантаж ва психологик босим орқали Беларус разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлмоқда.

Мавзуга оид