Ўзбекистон | 22:20 / 31.01.2024
11433
2 дақиқада ўқилади

Мансабдор шахслар жиноятчилиги бўйича рақамлар очиқланди

Бош прокуратура эълон қилган маълумотларга кўра, 2023 йилда 3575 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, бу 2022 йилга нисбатан 15 фоизга кўп. Айни пайтда, жиноий жавобгарликка тортилган республика даражасидаги амалдорлар сони 2 баробарга – 110 нафардан 49 нафарга камайган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2023 йилда мансабдор шахслар жиноятчилиги бўйича статистик рақамларни очиқлади.

Маълум қилинишича, ўтган йили 3412 та жиноят иши доирасида 3575 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорлар сони 2022 йилга нисбатан 14,7 фоизга ошган.

2022 йилда республика миқёсидаги 110 нафар амалдор жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 2 баробарга камайиб, 49 нафарни ташкил этган.

Жиноий жавогарликка тортилган вилоят миқёсидаги мансабдорлар сонида деярли ўзгариш бўлмаган: 2022 йилда 264 нафар, 2023 йилда 267 нафар. Жиноий жавобгарликка тортилган туман (шаҳар) миқёсидаги ходимлар 2022 йилдаги 2742 нафардан 2023 йилда 3259 нафаргача ёки 19 фоизга ошган.

2023 йилда мансабдор шахслар энг кўп қуйидагича турдаги жиноятларни содир этган:

  • ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – 2205 нафар (2022 йилда 2103 нафар);
  • мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 397 (265);
  • фирибгарлик – 272 (243);
  • пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш – 195 (169);
  • ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш – 30 (14);
  • мансаб сохтакорлиги – 36 (51);
  • мансабга совуққонлик билан қараш – 25 (22);
  • бошқа жиноятлар – 415 (249).

Мансабдорларнинг жиноятлари натижасида 2023 йилда 1 трлн 546 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, шундан 1 трлн 310 млрд сўми ёки 84,7 фоизи ундирилган. Етказилган зарар миқдори бир йил олдингига нисбатан 53 фоизга ошган.

Мавзуга оид