Жаҳон | 21:12 / 10.02.2024
6552
1 дақиқада ўқилади

Франциядаги атом электр станциясида ёнғин содир бўлди

Шинон атом электр станциясининг иккита реактори ёнғин туфайли тўхтатилди.

Фото: GUILLAUME SOUVANT / AFP

Франция ғарбида жойлашган Шинон атом электр станциясида ёнғин содир бўлди, оқибатда иккита реактор тўхтатилди. Бу ҳақда Франция ядровий хавфсизлик бошқармаси (ASN) сайтида хабар берилди.

Ёнғин 10 февралга ўтар кечаси 3-реактор трансформаторида «назорат қилинадиган ҳудуддан ташқарида» содир бўлган.

«Ушбу ёнғин оқибатида 3-рақамли реактор ташқи электр таъминотидан узилган. Шундан сўнг, реактор автоматик равишда тўхтаб қолган», дейилади хабарда.

ASN маълумотларига кўра, ёнғин ўчирилгандан сўнг, учинчи реактор билан фойдаланилган сувни йиғиш бўйича умумий дренаж тизимига эга бўлган қўшни тўртинчи реактор иши ҳам вақтинча тўхтатилган. Бу унинг тошиб кетиши ва атроф-муҳитга сув оқмаслиги учун қилингани таъкидланмоқда.

Хабарда Шинон АЭС атрофидаги радиация фони ҳақида хабар берилмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид