Жамият | 13:40
1237
3 дақиқада ўқилади

Ўзбошимчалик билан сақланган солярка портлаган – Ёзёвондан репортаж

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Сойбўйи маҳалласидаги нотурар бинода катта ёнғин чиқди. Бу бинода куз-қиш мавсумида балиқ пишириб сотилган, шу кунларда эса нефт маҳсулотлари ноқонуний равишда сақланаётган бўлган. Ёнғин солярка портлашидан келиб чиққан. Оқибатда 3 киши вафот этди, 2 киши жонлантириш бўлимида қолмоқда. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, гувоҳлар ва масъуллар билан суҳбатлашди.

16 июн куни соат 22:16 ларда Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Сойбўйи маҳалласида жойлашган чойхонада ёнғин содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёнган бинода куз ва қиш мавсумида хўрандаларга балиқ пишириб сотилган, қолган пайтда у ерда ноқонуний равишда нефт маҳсулотлари сақланган.

Ёнғин солярка портлашидан келиб чиққани айтиляпти. Оқибатда бинонинг 60 кв м майдони ва 3 та автомобил – Labo, Hyundai ва Mercedes-Benz зарарланган.

Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Абдулазиз Ғойиповнинг маълум қилишича, 1976 йилда туғилган А.Ҳ. ҳамда 1999 йилда туғилган З.О. II-III даражали термик куйиш билан, 2012 йилда туғилган О.О. тананинг 100 фоиз куйиши, нафас йўллари куйиши, куйиш карахтлиги оғир даражаси ташхиси билан шифохонага олиб келинган.

Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай 14 ёшли бемор вафот этган. Икки бемор эса оғир аҳволда қолмоқда.

Абдулазиз Ғойипов

 

Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўлими бошлиғи Аҳлиддин Алижоновга кўра, ёнғин қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб борган пайтда икки нафар фуқаро ёнғин оқибатида ҳаётдан кўз юмган ҳолатда топилган. Қолган уч нафари шошилинч тез тиббий ёрдамга юборилган.

Аҳлиддин Алижонов

“Нефт маҳсулотларини қуйиш-тўкиш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида ёнғин юзага келган. Нотурар бинода фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан нефт маҳсулотлари сақлаб келинган бўлган. Ҳозирда етказилган зарар миқдори аниқланмоқда”, дейди Аҳлиддин Алижонов.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид