Ўзбекистон | 18:24 / 12.02.2024
13047
2 дақиқада ўқилади

Учқўрғон тумани ҳокими ишдан кетди  

Президент бош вазир Абдулла Ариповга саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўсиш бўлмагани учун лавозимга лойиқлигини ҳал қилишни топширган туман ҳокимлари қаторида Жаҳонгир Риззаев ҳам бор эди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани ҳокими Жаҳонгир Риззаев 6 феврал куни вазифасидан озод этилган. Kun.uz манбасига кўра, туман ҳокими вазифасини вақтинча бажариш унинг биринчи ўринбосари Бобурмирза Тўламирзаев зиммасига юклатилган.

E-qaror платформасида ҳам туман ҳокимлигининг расмий ҳужжатларини 6 февралгача Жаҳонгир Риззаев, ундан кейин Бобурмирза Тўламирзаев имзолаганини кўриш мумкин.    

Жаҳонгир Риззаев 1986 йил 5 декабр куни Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йили Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-энергетик.

У 2021 йилнинг декабр ойидан буён Учқўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг бош директори лавозимида фаолият юритган.

  • 18 январ куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилиш ўтказилганди. Йиғилишда бош вазир Абдулла Ариповга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсиш бўлмаган 7 та ҳудуд, жумладан, Учқўрғон тумани ҳокимининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилганди.

Мавзуга оид