22:18 / 13.02.2024
11984

Путин сайловолди баҳсларида қатнашмасликка қарор қилди

Унинг матбуот котиби буни «тиғиз иш жадвали» туфайли бандлиги билан изоҳлади. 

Фото: ЕРА / ТАСС

Россия президентлигига номзод ва амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин телевидениедаги сайловолди дебатларида қатнашмайди. Бу ҳақда Россия Марказий сайлов комиссияси котиби Наталя Бударина маълум қилди, деб ёзди ТАСС. 

«Марказий сайлов комиссиясига рўйхатга олинган тўртта номзод ва учта сиёсий партиядан бепул эфир вақти учун қуръа ташлашда қатнашиш мақсадида ёзма аризалар келиб тушди. Сизга шуни маълум қилмоқчиманки, Россия президентлигига номзод Владимир Владимирович Путиннинг федерал каналлар орқали қўшма ташвиқот тадбирларида иштирок этишдан бош тортганлигини тасдиқловчи ҳужжат келиб тушган. Бу номзодларнинг ҳуқуқи», деди Бударина. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг сайловолди баҳсларида қатнашишдан бош тортганини давлат раҳбарининг бандлиги билан изоҳлади. 

«Путин — президент сифатида жуда тиғиз иш жадвалига эга. Бу уни бошқа номзодлардан тубдан ажратиб туради», деди Песков. 

Унинг сўзларига кўра, россияликлар президентнинг ҳаётнинг барча жабҳаларига оид баёнотларини виртуал тарзда ҳар куни кўриш имконига эга. 

Россияда 17 февралдан оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқот кампанияси бошланади. Номзодлар ва партияларга 19 февралдан бепул эфир вақти ажратилади. У бешта федерал давлат телеканали томонидан тақдим этилиши керак: «Россия-1», «Россия-24», «Первый канал», «ТВ Центр», «ОРТ» ва учта радиостанция: «Радио России», «Маяк» ва «Вести FM». 

Сайловолди ташвиқоти даври 15 март куни якунланади. 15-17 март кунлари президентлик сайлови ўтказилади. 

Сайловда амалдаги президент Владимир Путиндан ташқари «Янги одамлар» партиясидан Владислав Даванков, Россия Либерал-демократик партиясидан Леонид Слуцкий ва Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Николай Харитонов иштирок этади.

Top