Ўзбекистон | 15:51 / 16.02.2024
28420
14 дақиқада ўқилади

Кўринмай қолган “Smartbolla”. Одамлар яна чув тушдими?

“Smartbolla” компанияси 10 та ноёб илова ишлаб чиқишини эълон қилиб, одамлар лойиҳага пул тикиши учун катта пиар кампания ўтказган эди. Лекин 2022 йилда тақдим этилиши айтилган иловалар ҳалигача битмади, бу эса шубҳаларни туғдирмоқда. Журналист Дилбар Эламанованинг бу борада ўтказган суриштируви Kun.uz'нинг эътиборини тортди. Хўш, шоу-бизнес юлдузлари реклама қилган лойиҳа тақдири нима бўлди? Лойиҳа асосчиси Мурод Ҳасанов нима демоқда? Кўрсатувни кўриб шулар ҳақида батафсил билиб оласиз.

Бундан 3 йил олдин Дубайда очилган “Smartbolla” компанияси Ўзбекистонда катта реклама кампаниясини ўтказган эди. Компания ўзини жаҳон IT бозорига шиддат билан кириб келаётган бренд сифатида таништириб, ижтимоий тармоқларни “портлатган”, уни таниқли шахслар реклама қилганди. Ҳозирга келиб эса бу компания фаолияти ҳақида турли шубҳа-гумонлар пайдо бўла бошлаган.

Бу борада суриштирув эълон қилган журналист Дилбар Эламанова Kun.uz'га берган интервюсида лойиҳага пул тикканлар билан суҳбатлари ва ўрганишлари чоғида таҳдидга учрагани ҳақида гапириб берди. “Smartbolla” компанияси раҳбари Мурод Ҳасанов Kun.uzʼга берган изоҳида суриштирувда иддао қилинган ҳолатларни рад этди.

Дилбар Эламанова Factchecknet.uz сайтида эълон қилган суриштирувида “Smartbolla” компаниясининг шиддатли пиар кампанияси ортидан одамлар чув тушгани, 100 доллардан 7 минг долларгача пул тиккан инвесторлар 2 йилдан бери пулларини қайтариб ололмаётгани ҳақида сўз юритади.

2021 йилда очилган “Smartbolla” компанияси ноёб алгоритмга эга иловаларни ишлаб чиқиши, хоҳловчилар лойиҳага 100 доллардан 90 минг долларгача пул тикиши мумкинлиги, компания фойдага кирганидан кейин эса уларга фойдадан дивиденд тўлашни ваъда қилган.

“2021 йил бошида улар Instagram'ни портлатди деса ҳам бўлади. Мега юлдузлар, одамлар яхши кўрадиган блогерлар ва ҳаттоки Марказий Осиёда ўзининг имижи ва обрўсига эга бўлган Алишер Узоқов ҳам бир неча ой Дубайда бўлди. Шу компаниянинг фаолиятига қизиқишни бошладим. Улар бирин-кетин ўзлари ишга туширмоқчи бўлган дастурлар ҳақида эълон берди – улар бу дастурларни ноёб алгоритмга эга дастурлар деб таништирганди. GPT'дан сўраб кўрдим, шунақа лойиҳани амалга ошириш қанчалик имконли, шундай лойиҳа ўзи амалга оширилганми, деб сўраганимда, қийин масала деб жавоб берди. Қандай қилиб GPT қийин деган нарсани бизникилар қила оларкан деган савол туғилди”, – дейди Дилбар Эламанова.

“Smartbolla” ўз фаолиятининг илк кунларидан бошлаб 10 та “ноёб алгоритмга эга иловаларни ишлаб чиқиш ғояси”ни эълон қилган. Булар:

  • Paycent — блокчейн тизимидаги тўлов тизими;
  • Dancent — пул ишлаш ва дам олиш учун караоке иловаси;
  • Adcent — реклама платформаси;
  • ShopShock — онлайн дўкон ва жисмоний дўкон;
  • Sandychat — мессенжер;
  • U Freelancer — иш топиш учун дастур ҳамда
  • Suppcent, Freeluck, U-Design, Virtual Business.

Лойиҳа веб-сайтига кўра 45 кишидан иборат жамоа 2,5 йилдан ортиқроқ вақт давомида ушбу 10 та дастур устида ишлаган. Бу дастурлар “ноёб” алгоритмга эга экани айтилади. Дастурлар 2022 йил 20 февралида тақдим этилиши режалаштирилган эди. Аммо орадан икки йил ўтди ҳамки, бу дастурлар ишга тушмади.

“Smartbolla” халқаро IT компаниясининг асосчиси ўзбекистонлик тадбиркор Мурод Ҳасанов ҳисобланади. Очиқ маълумотларига кўра, Ҳасанов Мурод Абдуғаниевич номи билан иккита МЧЖ расмийлаштирилган. Улардан биринчиси – “Facile” МЧЖ, иккинчиси эса суриштирув нишонидаги “Smartbolla” МЧЖ.

“Smartbolla” МЧЖ 2021 йил август ойида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида рўйхатга олинган. Фаолият тури – маълумотларни жойлаштириш ва ишлов бериш бўйича хизматлар. Устав фонди 10 млн сўм бўлган фирма ҳозирда тугатилган.

“Мурод Ҳасановга ёздим, у мени инвестор деб ўйлади ва компаниянинг лицензияси, инвесторлари билан келишув шартномасини менга юборди – ўзининг ҳақлигини исботлаш учун. Унга журналист эканимни айтганимдан кейин ҳамма ёзишмаларни ўчириб ташлади. У юборган ҳужжатлар, лицензия, шартномани юклаб олгандим, уларни ўрганишни бошладим. Лицензия муддати аллақачон тугаган экан. Яъни унинг ҳужжати Дубай қонунчилигига кўра қандайдир қонуний кучга эга бўлганда ҳам, лицензия эскирган. Унинг компаниясининг юридик мақоми “civil company” (фуқаролик компанияси) бўлиб, Дубайда пулини берсангиз, сиз ҳам очишингиз мумкин бўлган, маҳаллий ҳамкор билан бирга очиладиган кичкина тузилма. Унақа катта компаниянинг юридик шакли эмас.

Инвесторлар билан келишув шартномасини ўрганиб чиқсам, шартноманинг ўзбек тили ва инглиз тилидаги нусхаларидан инглиз тилидаги нусхаси устунлик қилиши, фойдаланувчилар шахсий кабинетига кира олмаслигига компания жавоб бермаслиги ҳақида ёзилган. Яъни келишув шартномасида яққол компанияга устунлик берилган. Инвесторлардан сўраганимда деярли ҳаммаси бу шартномани ўқиб ҳам кўрмаганини айтди”, – дейди журналист.

Дилбар Эламанованинг айтишича, компания ўзига пул тикканлар билан тузган шартномаларда инвесторларнинг ҳуқуқлари анча чекланганини кўриш мумкин.

Хусусан, шартномага кўра, “агар компания сотилган дивидендлар ҳуқуқини фойда улуши эгасига ўтказишдан бош тортса, битимни бажаришдан ҳам бош тортади ва компания ўз веб-сайтида ушбу шартномага ўзгартириш киритиши мумкин” дейилади. Ўқиб кўрганда деярли ҳеч қандай маъно бермайдиган бандлар бу билан тугамайди. Компаниянинг ҳуқуқлари бандига “барча дивидендлар йилида бир маротаба тўланади” деган тушунарсиз жумла илиб қўйилган. Бундан ташқари, компания ўз зиммасига оладиган вазифалар қаторида “фойда улуши эгасининг мулки ҳисобланувчи ушбу шартномада кўрсатилган дивиденд олиш ҳуқуқини тақдим қилиниш имконияти учинчи шахсларнинг даъволаридан бутунлай озод, эътирозлардан холи, ҳибсга олинмаган бўлиши ва гаровга қўйилиш ҳуқуқларидан холидир”, деган мужмал ва тушунарсиз банд ёзилган.

Суриштирув муаллифининг айтишича, у аъзо бўлган, инвесторлар йиғилган Telegram-гуруҳда 1500, 5000 доллар пул тикканлар ҳам бор. Катта суммаларни тикканлар журналистга ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини, пулларини қайтариб олишдан умидвор экани ва агар изоҳ берса, “Smartbolla” уларга пулларини қайтармаслигидан қўрқишини айтган.

“Мурод Ҳасановнинг айтишича, 900 та инвестор йиғилган, агар 100 доллардан йиғилган тақдирда ҳам яхши сумма бўлиб қолади бу. Инвесторлар 900 дан ҳам кўп бўлиши мумкин, улар менга шахсий кабинетининг скриншотини юборганда ўтказилган сумма ва унинг рўйхатга олинган рақами кўринган. Бир скриншотда 2700-тартиб рақамидаги инвесторни кўриш мумкин, тахминимча, қарийб 3000 одам пул ўтказган бўлиши мумкин”.

Айни дамда “Smartbolla.com” сайти ишламаяпти. Айтиш керакки, инвесторлар билан келишув шартномасида инвесторлар шахсий кабинетларига кира олмаслиги учун компания жавобгар бўлмаслиги назарда тутилган. Журналист биз билан суҳбатда аввалига Uzcard орқали ҳам пул ўтказиш мумкин бўлгани, кейинчалик бу тўлов усули олиб ташланганини айтаркан, унда Мурод Ҳасановнинг Uzcard картаси рақамлари борлиги, агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сўраса, бу маълумотни тақдим этишини билдирди.

“Орадан вақт ўтиб Алишер Узоқов Ўзбекистонга қайтиб келди. Феруз Муҳаммад билан интервюда бутунлай кетганини, шу компания билан узоқ вақт ишлаш нияти борлигини айтгани учун Узоқовнинг қайтиб келгани ғалати туюлди ва “Smartbolla”нинг саҳифасига кириб кўрдим. Охирги постлар 1 йил олдин жойланган, изоҳлар ёпиб қўйилган. “Smartbolla” сайтини қидириб кўрдим. Сайт ишламаётган экан.

Компанияни реклама қилган машҳурларга ёздим. Менга Муниса Ризаеванинг админи: “Бу ҳамкасбимиз илтимоси бўлган ва шу сабабли реклама қилганмиз, унақа чуқур ўрганиб кўрмаганмиз”, деб айтди. Райҳон Уласенованинг админи ҳам шунақа жавоб берди. Блогерлар – Бек вайнс, Абу вайнслар жавоб бермади. Алишер Узоқовга ёзганимда, у Telegram орқали берган изоҳида: “Улар ҳам мен билан шартнома шартларини бажармаган, ваъда қилинган пулни бермаган, бу вазиятда мен ҳам қурбонман”, деди. Қанча одамлар шу блогерларга ишониб пул тиккан. Мухлислар олдидаги масъулият, уларнинг ишончи учун Ўзбекистонга қайтганида бирор фикр айтиши керак эди деб ўйладим. “Лойиҳа ўхшамади, мен Ўзбекистонга қайтиб келдим” деб кичик муносабат билдириши керак эди.

Миршакар Файзуллаев ҳам бу компанияни реклама қилган, у менга ёрдам беради деб ўйлаган эдим, лекин жавоб бермади.

Алишер Узоқовнинг интервюларини кўрганимда қандайдир афсусда эканини ҳис қилдим, лекин аллақачон одамлар зарар кўриб бўлган, буни тан олиш керак. Блогер Озод Ҳуррамов билан эса интервю белгилагандик, лекин эртаси куни админи телефон қилиб, уни ўлдириш билан таҳдид қилишгани, у менга интервю бера олмаслигини айтиб алоқани узди. Ҳайрон бўлдим.

Пул тикканлар бир неча марта тегишли органларга мурожаат қилишга урингани, лекин “Smartbolla”нинг роликларида компания билан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай низо Дубай қонунчилигига кўра кўриб чиқилади дейилгани учун бу фикрдан қайтган. Пул берганлар шу орқали манипуляция қилинган, Ўзбекистонда қаергадир мурожаат қилсанг ҳам жавоб ололмайсан деган фикрни беришган. Деярли ҳеч ким ариза беришга ботина олмаган, улар пулларини қайтариб олишга бир неча марта уриниб кўришган.

Келишув шартномасида инвестор агар шартномани бекор қилишни хоҳласа, компания 45 кун муддатда пулни қайтариб беради деган шарти бор экан. Бу ҳақда мурожаат қилишларига қарамасдан, пуллар қайтарилмаган. Бундан ташқари, одамлар компаниядан пулларини қайтариб олаётгани акс этган видеолар инвесторларга юбориб келинган, озгина сабр қилинг, пулларини қайтариб олганлар бор, деган маънода ёзиб келишган.

Ўзим кўрган бир ҳужжатда [бир инвесторга] 1 мартгача пулларни қайтариб берамиз деб тилхат ёзиб беришган, яъни одамлар бу мавзуни унутиши учун муддат узоқроққа чўзиб келинган. Инвесторлар гуруҳига Мурод Ҳасановнинг ўзини ҳам қўшишди. У қоғозларга нимадирлар ёзиб тургани акс этган видеони гуруҳга ташлади. Қоғозлар ва ручка ёрдамида қилинадиган IТ – мен учун кринж, қандайдир компютер олдида ўтириб тушган расми ҳам эмас-да. Мана, мен бу лойиҳалар устида тун-у кун ишлаяпман, деган мазмунда. Бу мен учун жуда кулгили.

Гуруҳда Ҳасанов ёзиб қолди, журналист қиз қамалади, халқаро компания нуфузига зарар етказишга уринаётгани учун, фалон миллион жарима тўлайди. Инвесторларга қарата, агар шу қизни Дубайга олиб келмасангиз, ҳеч бирингизга пул қайтарилмайди, деяпти. Бу гапдан унчалик қўрқмадим. Лекин шу мавзуни ёзиб юрганимда масалан метрода юрганимда қўрқув бўлди: кимдир келиб итариб юборармикан деган. Қўрқувларим ҳам уларни кучли деб эмас, аҳмоқ деб ўйлаганим учун бўлди, чунки кучли одам унақа йўл қилмаса керак. Қоғозларга ёзиб ўтиргани, юборган гаплари ақлли одамни гавдалантирмайди.

Жабрланувчилар бу лойиҳани реклама қилганлар ҳам жавоб берсин дейишяпти. Реклама берганлар ҳеч нарса бўлмагандек ҳаётини давом эттиряпти, уларга ҳеч қандай жавобгарлик йўқми дейишяпти”.

Журналистнинг айтишича, компанияга инвестиция киритган бир нечта сармоядорлар Telegram'да ёпиқ гуруҳ ташкил қилишган. Дилбар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишга, мақолада тилга олинган далилларни, инвесторлар гуруҳи ҳаволасини тақдим этишга ва пул тикканлар билан алоқа ўрнатишда ёрдам беришга тайёрлигини айтмоқда.

Kun.uz “Smartbolla” лойиҳаси асосчиси Мурод Ҳасанов билан боғланиб, ундан суриштирувдаги фактларга муносабатини сўради.

“Ҳозир одамларга ёрдам бераман деб ҳар хил ўйин қилаётганлар жуда ҳам кўп. Тўғри, ҳозирда проект чиқиши анча чўзилиб қолди. Форс-мажорлар контрактда кўрсатилган.

Бизнинг компания Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган. Сармоядорлар аслида жудаям кам, сабаби инвестиция қабул қилиш пайтида бизнинг компания пул устига пул бермаймиз деб айтган, шунинг учун жудаям кам инвестиция йиғилган, 200 минг доллар ҳам чиқмайди.

Компания контрактида фойдани фақат проект битганда оласизлар деганмиз, шунинг учун одамлар кам пул берган. Инвестиция йиғиш краудфандинг системаси асосида бўлган.

Танқид қилиш-қилмаслик сизларнинг ҳуқуқингиз, лекин танқид қилишдан олдин ким у, қанақа компания, суднинг қарори борми, қанақадир нотўғри ишлари борасида суд қарор чиқарганми, билмайсизлар.

Ҳозирда қарз устига қарз олиб, проектни битириб келяпмиз. Агарда сизларнинг ҳаракатингиз ёки мақсадингиз обрўсизлантириш бўлса, бизнинг компания юристлари судга беришга мажбур бўлади. Ким контракт асосида сармояни сўраса, ўз вақтида қайтариб бериляпти. Ҳаммани эшитаверсангиз, ёки ҳаммага эътибор берсангиз, фирибгарлар – йўқ пулни сўрайдиганлар, шантаж қиладиганлар тиқилиб ётибди”, – дейди Мурод Ҳасанов.

Мурод Ҳасанов яқинда Тошкентга боришини ва Kun.uz'га интервю беришга тайёрлигини айтди.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид