Жаҳон | 21:41 / 17.02.2024
18402
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодировнинг 18 ёшли ўғли вазир этиб тайинланди

Шунингдек, унга Чеченистон олий мукофоти берилди.

Фото: Telegram / RKadyrov_95

Россиянинг Чеченистон ҳудуди раҳбари Рамзон Қодировнинг тўнғич ўғли Ахмат Қодиров ёшлар ишлари бўйича вазир этиб тайинланди. Шунингдек, Чеченистон парламенти раиси унга республиканинг олий мукофоти – Ахмат Қодиров орденини топширди.

«Ахмат ҳар қандай ишга масъулиятли ва малакали ёндашуви билан ажралиб турадиган самарали раҳбар эканини исботлади! У шундай қисқа вақт ичида кўплаб унутилмас тадбирларни ташкил этиб, ёшлар сиёсатига катта ҳисса қўшди», деди Чеченистон парламенти раҳбари Магомед Даудов.

11 ноябр куни Ахмат Қодиров республика Жисмоний тарбия, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у икки йил давомида «Биринчилар ҳаракати» Бутунроссия болалар ва ёшлар ҳаракатининг Чеченистон вилояти бўлими кенгашини бошқарган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг рафиқаси Меднининг 14 фарзанди бор – саккиз ўғил ва олти қиз. Уларнинг аксарияти республика ҳукуматида юқори лавозимларни эгаллаб, мунтазам равишда мукофотларга сазовор бўлмоқда.

Масалан, 16 ёшли Адам Қодиров Чеченистонда бир нечта масъул лавозимларга тайинланган, шунингдек, ўндан ортиқ давлат мукофотлари билан тақдирланган.

2023 йил октябр ойида Қодировнинг тўнғич қизи 24 ёшли Ойша ҳукумат раисининг ижтимоий блок бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади. Унинг 23 ёшли синглиси Хадича Грозний мэриясининг мактабгача таълим бўлимига раҳбарлик қилади. Қодировнинг учинчи қизи, 21 ёшли Хутма 2023 йил март ойида соғлиқни сақлаш соҳаси куратори этиб тайинланган эди. 19 ёшли Табарик Қодирова «Ирс Групп» компаниясига эгалик қилади. Унинг фаолияти чакана савдо, рус ва хорижий брендларни жалб қилиш, меҳмонхона бизнеси ва бошқа соҳаларни ўз ичига олади.

Мавзуга оид