Чеченистон мухолифати Niyso телеграм-канали ва «Кавказ.Реалии» нашри 16 январ куни кечқурун манбаларга таяниб, Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Грознийдаги ЙТҲ оқибатида жароҳатлангани ҳақида хабар берди.

«Кавказ.Реалии» манбасига кўра, Чеченистон раҳбарининг 18 ёшли ўғли бошқарган машина жуда катта тезликда бошқарувни йўқотиб, тўсиққа бориб урилган. «Осторожно, новости» манбаси ёзишича, Қодировнинг машинаси кортеж бошида бўлган, унга ҳамроҳлик қилган бошқа автомобиллар ҳам катта тезликда ҳаракатланган, биринчи машина тўсиққа урилганидан сўнг орқадагилар бир-бирига урилган.

ЙТҲ оқибатида қанча одам жабрлангани ҳозирча аниқ эмас. Дастлаб ижтимоий тармоқларда авария оқибатида UFC чемпиони Ҳамзат Чимаев ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалганди. Кўп ўтмай «Чечня сегодня» нашри Чимаев тириклиги ва айни вақтда Дубайдалиги ҳақида хабар берди.

Йўл-транспорт ҳодисаси жойи ва унга туташ кўчалар ўраб олинган, бу Google Maps ва «Яндекс.Карты» хизматларида ҳам ўз аксини топди, шунингдек, Niyso хабарига кўра, йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар олиб келинган шифохона атрофида ҳам ҳаракат тўсиб қўйилган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «учар ҳоспитал» сифатида фойдаланадиган Ан-148-100ЕМ самолёти ўша куни кечқурун Грознийдан учиб кетган. Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, у тахминан соат 1:10 да Москванинг Внуково аэропортига қўнган, ярим соатдан сўнг у ерга Рамзан Қодировнинг RA-73417 борт рақамига эга Airbus ACJ319 самолёти ҳам учиб келган.

«Кавказ.Реалии» манбаси хабар беришича, Адам Қодиров Грознийдалигидаёқ, транспортировкадан олдин ўзига келган, шифокорлар унинг аҳволидан хавотирда бўлмаган. Нашрнинг яна бир манбасига кўра, йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар бошқа шахслар ҳам Москвага юборилган. «Кавказ.Реалии» суҳбатдоши жабрланганлар сони ва жароҳатлар даражасига аниқлик киритмади. Niyso версиясига кўра, жабрланганлар орасида Адам Қодировнинг уч нафар тансоқчиси ҳам бўлиб, уларнинг жароҳати оғир.

Кичик Қодиров иштирокидаги ЙТҲ бўйича ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган. Чеченистон оммавий ахборот воситалари ҳам воқеа ҳақида ёзишмади, фақатгина «Чечня Сегодня» UFC жангчиси Ҳамзат Чимаев касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларга раддия берди. Грознийдаги йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида на федерал нашрлар ва на бундай янгиликларга ихтисослашган Baza, 112 ва Mash телеграм-каналлари хабар берди.

17 январ куни Москва вақти билан соат 16:00 да Рамзан Қодировнинг телеграм-каналида Адам Қодиров республика кучишлатар тузилмалари командирлари иштирокида ўтказган йиғилиш ҳақида пост пайдо бўлди. Йиғилиш айнан қачон бўлиб ўтганига ойдинлик киритилмаган. Постга кичик Қодиров ҳам кўринган видео қўшилган.