“20 тийинга соч-соқол олганмиз” – 40 йиллик сартарош ҳикояси
63 ёшли Абдуқаҳҳор ота Умрзоқов Марғилон шаҳрининг маҳаллаларидан бирида мўъжазгина сартарошхона очган. У 40 йилдирки сартарошлик қилиб рўзғор тебратади. Отахон соқолни 5 минг сўмга олади, 10 минг сўмга эса соч калталайди. Кўпчилик уни сахий сартарош сифатида қадрлайди.
Бойиш қийин, лекин оч қолмайсиз...
“Сартарошликни 1986 йилда бошлаганман, 1987 йилдан алоҳида ўзим дўкон очдим. Сартарошликдан катта пул топиш қийин. Лекин баракаси бор, тўйлар ҳам қиляпмиз, бошқа камчиликларни ҳам бутлаяпмиз. Муҳими кунимиз ўтяпти. Бир кунда мунча, бир ойда мунча бўлади, дейдиган касб эмас бу. Одамнинг келишига қарайди. Мижоз келиши учун яхши муомала қилиш, кўнглига қараш керак. Ёши катта ёки бемор бўлиб, кўчага чиқиб сартарошхонага келолмайдиган кишиларнинг уйига бориб, соч-соқолини олиб қўямиз. Пул берса беради, бўлмаса, дуо қилиб қўйишса бўлди, энг муҳими шу. Ҳар 10 кунда ана шундай кекса отахонлар хонадонига айланиб бориб тураман. Уларнинг дуоси билан ишларимиз яхши бўляпти.
Соқол 10 тийин, 20 тийинга соч-соқол...
Бу ҳунардан киши бой ҳам бўлиб кетмайди, бир нарсага зориқиб ҳам қолмайди. Сабр қилиб ишлайвериш керак. Бесабр бўлса, ҳеч бир ҳунарнинг бошини тутолмайди одам. Ўсмирлик даврида 10 тийиндан соқол, 20 тийинга соч билан соқолни олардик. Даромади яхши кишилар 50-60 тийин ҳам берарди баъзида. Ҳозир эса аниқ нарх қўймаганмиз, одамлар ўзи билиб бериб кетаверишади, талашмаймиз. Кўп бериб юборса, қайтиб беришимиз мумкин. Мана ҳозир 5 мингга соқол, 10 мингга соч оламиз, одамлар шундай беришади. Ёш болалардан эса камроқ ҳақ оламиз. Ҳар бир ҳунарнинг ўз қоидаси бор.
Қоидалар ўзгарган
Ишимиз кўпроқ хушмуомалаликни, озодаликни талаб қилади. Одамлар ҳам шунга қараб келади. Олдинги сартарошлар айтганимдек касб қоидаларига амал қиларди, ортиқча пул олишмаган. Ҳозир энди бундай эмас. Шаҳарларда жой ижараси, бошқа масалалар бор, шунинг учун қимматроқ бўлади, буни ҳам тушуниш керак. Мен эса маҳалла гузарида ишлайман, ўзимизнинг жой.
Олдинлари ҳозиргидай бир марталик устара тиғлари бўлмасди, қайроқ тошда қайраб олинарди соқол. Ҳозир энди замон ривожланиб ҳар хил ускуналар чиқиб кетди.
Энг қийини муомала
Пенсияга чиққанман, лекин касб қилиб ишлаб юрибмиз. Анча шогирдлар ҳам чиқарганмиз, улар ҳам йўлини топиб кетишган.
2 ўғил, 1 қизим бор. Невараларим ҳам катта, оила қурадиган бўлиб қолган.
Сартарошлик касбини энди бошлаганлар учун энг қийини одамлар билан муомала қилиш ва устара ишлатиш. Мижознинг бирор жойини кесиб қўйса, асаббузарлик бўлади. Ўтмишда қайчи, тароқ ва устара бўларди, холос. Ҳамма касбда бўлганидай, сартарошликнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Ёшлар даромадга қизиқади, иложи бўлса бир неча ҳафтада уста бўлиб чиқиб кетгиси келади. Илгарилари ҳатто йиллаб шогирд бўлиб юришган”.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
14:17 / 27.08.2024
Фарғонада очиқча рейдерлик – ИИБ фуқаронинг тортиб олинган мулкини қайтариб олиб беролмаяпти
08:41 / 02.07.2024
Марғилонда уйида 37 кг гиёҳванд модда сақлаётган шахс ушланди
18:30 / 24.04.2024
“Ҳаётимизни битта арқон ушлаб туради” — ўлим билан юзма-юз ишлайдиган ғаввослар
16:20 / 20.04.2024