13:30 / 06.03.2024
3999

Германия ТИВ немис журналистларига нисбатан Россия таҳдидларини танқид қилди

Германия Ташқи ишлар вазирлиги немис журналистларига нисбатан Россия таҳдидларини танқид қилди. Берлин россиялик журналистлар Германияда эркин ишлай олишини таъкидлаб, Москва репрессия ва дезинформацияни кучайтираётганини таъкидлади.

Фото: Pixabay

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийларининг Россияда ишлаётган немис журналистларига таҳдидларини танқид қилди. 5 март, сешанба куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, Россия расмийлари нафақат мамлакат ичкарисида репрессияларни кучайтирмоқда, балки тарғибот ва дезинформация орқали хориждаги демократик жамиятларни беқарорлаштиришга ҳам ҳаракат қилмоқда. «Россияда тегишли аккредитация асосида ишлаётган немис мухбирларига таҳдид бу ёндашувнинг яна бир мисолидир», — дея Германия Ташқи ишлар вазирлиги спикери сўзларини келтиради dpa агентлиги.

Берлин, шунингдек, россиялик журналистлар Германияда эркин ва тўсиқларсиз ишлаши мумкинлиги, уларга виза бериш бўйича қарорлар қонун доирасида қабул қилинишини таъкидлади. Шу билан бирга, Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакили «Россия давлат оммавий ахборот воситалари RT ва Sputnik томонидан дезинформация ва маълумотларни манипуляция қилиш бўйича доимий, мувофиқлаштирилган чораларни» эслатди. 2022 йилдан бошлаб улар Европа Иттифоқи санкциялари остида ва Европа Иттифоқи мамлакатларидаги фаолияти тақиқланган. 

Аввалроқ, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова «Соловьев Live» онлайн-шоуси эфирида шундай деган эди: «Мен айтмоқчиманки, улар бу ҳақда Берлиндаги дипломатик каналлар орқали билади: агар улар рус мухбирларга тегса ва ўз режаларини охиригача етказса, Россиядан немис журналистлари кетади». Захарованинг таъкидлашича, Германия ҳукумати россиялик журналистларни мамлакатда ишлаш учун виза ва аккредитацияни узайтирмасдан чиқариб юбормоқчи. 

Германия элчиси немис зобитлари телефонларини тинглаш билан боғлиқ можаро фонида Россия ТИВга ташриф буюрди

4 март куни Германиянинг Россиядаги элчиси Александр Ламбсдорфф Россия Ташқи ишлар вазирлигига ташриф буюрди. РИА «Новости» Россия давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, «Германия расмийларининг россиялик журналистлар фаолиятини чеклашга уринишига йўл қўйиб бўлмаслиги айтилган ва Бундесвер зобитлари ўртасидаги суҳбатда Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш эҳтимоли ҳақидаги муҳокамага аниқлик киритиш талаб қилинган».

Ламбсдорффнинг ўзи немис ҳарбийлари ўртасидаги суҳбатни тинглаш билан боғлиқ можаро юзасидан Россия ТИВга чақирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. «Бу икки томонлама муносабатлардаги турли мавзуларда суҳбатлашиш таклифи эди», деди у 4 март, душанба куни dpa агентлигига. Немис дипломатининг аниқлик киритишича, учрашув TAURUS ракеталари бўйича тутиб олинган музокаралар нашр этилишидан олдин режалаштирилган.

Top