Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
IFJ: 2025 йилда бутун дунё бўйлаб 128 журналист ҳалок бўлди
2025 йилда дунёда 128 журналист, шу жумладан 10 нафар аёл ҳалок бўлганини Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) ҳисоблаб чиқди. Ташкилот ҳокимиятларнинг ОАВ ходимларини ҳимоя қила олмаётганини қоралади.
Фото: Alfred Yaghobzadeh/ABACA/picture alliance
2025 йилда дунёнинг турли ҳудудларида 128 журналист ва ОАВнинг бошқа ходимлари ҳалок бўлди, улар орасида 10 нафар аёл ҳам бор. Бу ҳақда Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) 31 декабр, чоршанба куни ўз сайтида хабар қилди.
Қайд этилишича, ушбу статистикага бахтсиз ҳодиса натижасида юз берган тўққизта ўлим ҳам киритилган. Таққослаш учун: IFJ маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёда 122 журналист ҳалок бўлган, уларнинг 14 нафари аёл бўлган. IFJ раҳбари Энтони Белланжер статистикани шундай изоҳлади: “2024 йилга нисбатан ўсиш журналистлар учун хавотир даражаси энг юқори нуқтага чиққанини англатади”.
Ташкилот ҳокимиятларнинг “ОАВ ходимларини ҳимоя қилишдаги ожизлиги”ни қоралади ва 2026 йилда “зўравонлик ва жазосизлик айланмасига барҳам бериш учун зудлик билан қатъий чоралар кўриш”га чақирди.
IFJ маълумотига кўра, 2025 йилда журналистлар ва ОАВнинг бошқа ходимларини ўлдириш ҳолатлари энг оғир бўлган ҳудуд — Яқин Шарқ ва араб мамлакатлари: барча ҳолатларнинг 58 фоизи шу минтақада қайд этилган. Муаллифлар кузатувига кўра, журналистлар энг катта хавфга қуролли можаролар кетaётган ҳудудларда дуч келади. Хусусан, 2025 йилда Яманда 13 журналист, Украинада 8, Суданда 6 журналист ҳалок бўлган.
Шу билан бирга, журналистлар ёки уларнинг транспорт воситаларига дронлар билан ҳужумлар боғлиқ хавотирли тенденция қайд этилмоқда. IFJ пресс-релизида шундай дейилади: “Украиналик журналистлар Елена Храмова, Евгений Кармазин ва Татяна Кулик, шунингдек француз журналисти Антони Лалликан Россия дронлари томонидан қасддан ўлдирилган. Мавжуд маълумотларга кўра, дрон ҳужуми натижасида Россия журналисти Иван Зуев ҳам ҳалок бўлган”.
IFJ 1990 йилдан бери ОАВ ходимлари ўлими бўйича статистика юритиб келади ва шу вақтдан буён жами 3173 та журналист ҳалок бўлиши ҳолатини қайд этган. Шунингдек, IFJ 2025 йил 31 декабр ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 533 журналист қамоқда бўлганини маълум қилди, уларнинг катта қисми (143 нафар) Хитойда. Бир йил аввал бу кўрсаткич 516 журналистни ташкил этган.
IFJ'нинг ўлдирилган журналистлар ҳақидаги статистикаси “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) тузадиган шунга ўхшаш ҳисоботдан фарқ қилади. Ушбу ННТ маълумотига кўра, 2025 йилда хизмат вазифасини бажариш чоғида дунёда 67 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган. UNESCO ҳисоб-китобига кўра эса бу кўрсаткич 93 кишини ташкил қилади.
Мавзуга оид
23:02 / 21.10.2025
«Уни онанг сотиб олган, аҳмоқ» – Трамп маъмурияти журналистга яна қўполлик қилди
15:42 / 25.08.2025
Исроил Ғазода шифохонани бомбалади. Камида 15 киши, жумладан 4 журналист ўлдирилди
13:20 / 21.06.2025
Озарбойжонда етти нафар журналист узоқ муддатга қамалди
08:14 / 04.03.2025