Ўзбекистон | 15:19 / 06.03.2024
3976
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Лихтенштейн ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Лихтенштейн Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 146-давлат бўлди. 

Фото: «Дунё» АА

Ню-Йоркда Ўзбекистон ва Лихтенштейн ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди

Маълум қилинишича, икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Лихтенштейн князлигининг БМТдаги доимий вакили Кристиан Венвайзер имзолаган. 

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни кучайтиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирган. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилган. 

Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон билан Европа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлгани қайд этилган. 

Лихтенштейн Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 146-давлатга айланди.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Уганда ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганди.  

Мавзуга оид