Жаҳон | 15:26 / 07.03.2024
3670
2 дақиқада ўқилади

Суд Навалнийнинг Мелеховодаги колонияга қарши даъволари бўйича ишларни тўхтатди

Суд Навалнийнинг Владимир вилоятидаги колонияга нисбатан сиёсатчи ҳуқуқларини бузганлик ҳақидаги даъволари бўйича барча ишларни тўхтатди.

Фото: REUTERS / HOLLIE ADAMS

Ковров шаҳар суди Владимир вилоятининг Мелехово қишлоғидаги колонияга нисбатан ўша ерда жазо ўтаган сиёсатчи Алексей Навалнийнинг даъволари бўйича ишларни унинг ўлими туфайли тўхтатди. Бу ҳақда 6 март, чоршанба куни SOTAvision хабар берди. 

Суд Навалнийнинг учта даъвосини кўриб чиқаётганди: ишламаётган радионуқта, хатларни тортиб олиш ва онаси билан муваффақиятсиз учрашув. Навалнийнинг адвокати Алексей Цветков ишларнинг тугатилишини эмас, балки тўхтатилишини сўради, чунки сиёсатчининг қариндошлари «қонунда кўзда тутилган барча воситалар билан унинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давом эттириш ниятида». 

Колония вакилининг таъкидлашича, у даъволар бўйича иш юритишни тугатишга эътироз билдирмайди, чунки фикрича, «Алексей Навалний ИК-6да бўлган вақтида меросхўрлар ва бўлажак меросхўрларнинг манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳеч қандай тарзда бузилмади». Охир-оқибат суд адвокатнинг илтимосларини рад этди ва иш юритишни «маъмурий даъвогарнинг ўлими туфайли» тугатишга қарор қилди. 

Алексей Навалнийнинг ўлими

Навалний 2022 йил июн ойида Владимир вилоятидаги ИК-6га ўтказилган. Сиёсатчи ўз ҳуқуқларининг бузилиши, жумладан, доимий равишда жазо камерасига жойлаштирилиши, шунингдек, қўнғироқлар ва ташрифларни тақиқлаш сабабли колонияга қарши мунтазам равишда судга мурожаат қилган.

Ўтган йилнинг охирида Навалний Ямал-Ненец автоном округи Харп қишлоғидаги «Полярный волк» махсус режимдаги қутб доирасида жойлашган колонияга ўтказилди. 2020 йилда «Новичок»дан заҳарланишдан омон қолган сиёсатчи 16 феврал куни ноаниқ шароитда у ерда вафот этди. Навалний тарафдорлари унинг ўлдирилганини даъво қилиб, ўлими сабабларини текширишга ваъда берди.

Мавзуга оид