Жаҳон | 10:35 / 27.08.2024
2154
3 дақиқада ўқилади

Шифокорлар «ФСИН» ходимлари Навалнийнинг ўлими учун жазоланишини талаб қилмоқда

Алексей Навалний қамоқхона ходимларининг ўз вазифаларига бепарволик билан муносабатда бўлгани натижасида вафот этди. Бу ҳақда РФ Тергов қўмитасига мўлжалланган баёнотни имзолаган 100 дан ортиқ россиялик шифокорлар маълум қилди.

Фото: Евгений Зайцев / Коммерсантъ

Юздан ортиқ россиялик шифокорлар жиноий иш қўзғатилишини ва Ямал-Ненец автоном округидаги колонияда мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ўлимига алоқадор «ФСИН» ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилди. «Шубҳасиз, Алексей Навалнийнинг ўлими Федерал жазони ижро этиш хизмати ходимларининг ўз вазифаларига бепарволик билан муносабатда бўлиши натижасида содир бўлган», дейилади 26 август, душанба куни Россия Федерацияси Тергов қўмитасига мўлжалланган баёнотни имзолаган 106 шифокор хатида.

Шифокорлар Навалнийнинг «касаллиги» бўйича Тергов қўмитаси қарорини таҳлил қилди

Шифокорлар Тергов қўмитасининг сиёсатчи беваси Юлия Навалная томонидан эълон қилинган, унинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатишдан бош тортган қарорига ишора қилмоқда. Ушбу ҳужжатда мухолифатчининг ўлимининг расмий сабаби «қўшма касаллик: қон томирлари ва органларнинг шикастланиши билан кечадиган гипертония, мия шиши, ўпка шиши ривожланиши билан кузатилган диффуз миокардиосклероз» деб номланади. 

Бундан ташқари, бундай органларнинг шикастланиши «қон босими сезиларли даражада ошиши ҳамда узоқ муддатли гипертония билан ривожланади», дейди баёнот муаллифлари. Уларнинг эслатишича, Навалний мунтазам равишда жазо камерасига юборилган ва ҳар бир бундай ҳолатдан олдин у тиббий кўрикдан ўтиши керак эди. Бунда муқаррар равишда қон босимининг сезиларли даражада ошиши аниқланиши ва «гипертензив терапия буюрилиши керак эди». 

«Аммо, Алексейга гипотензив терапия буюрилмаган, мавжуд тиббий қарши кўрсатмаларга қарамай, у мунтазам равишда жазо камерасига жўнатилган, бу охир-оқибатда (тақдим этилган қарорга кўра) ўпка шиши, мия шиши, қоринча фибрилацияси ва ўлим каби жиддий гипертензия асоратларининг ривожланишига олиб келди», - дейди шифокорлар.

Навалний ўлимининг расмий сабаби айтилди, жиноий иш қўзғатиш рад этилди

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний ўлимидан 6 ой ўтиб, Тергов қўмитаси расмий қарорни чиқарди. Унинг хотини Юлия Навалная томонидан эълон қилинган ушбу ҳужжатга кўра, Навалнийнинг ўлимида жиноий аломатлар йўқ.

Қайд қилинишича, ўлимга аритмия ва «бир қанча касалликлар йиғиндиси» сабаб бўлган. Шунинг учун Тергов қўмитаси сиёсатчининг ўлими бўйича жиноий иш қўзғатишдан бош тортган.

Юлия Навалная сўзларига кўра, қарорни майор Варапаев имзолаган, у Алексейнинг жасадини оиласига беришдан бош тортган ва онасини яширин дафн маросимига рози бўлиш учун «шантаж қилган».

Мавзуга оид