Иқтисодиёт | 12:22 / 14.03.2024
15099
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Фото: Kun.uz

Марказий банк ўзининг 2024 йил 14 мартдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилди.

Марказий банк бошқаруви иқтисодиётда талаб ва таклиф мутаносиблигига эришиш бўйича ноаниқликлар ва инфляцияни оширувчи кутилмаларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб ҳамда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайтириш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Умумий инфляция йил бошидан пасайиб, феврал ойида 8,3 фоизни ташкил этди. Бироқ, сўнгги ойларда юқори талаб ва бир қатор тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг ошиши фонида хизматлар инфляцияси тезлашиши кузатилган. Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари деярли ўзгаришсиз, юқорилигича қолмоқда.

2024 йил охиригача инфляция 8−9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланиши кутилмоқда. Прогноз даврида тартибга солинадиган нархлар ўзгариши ва уларнинг инфляцион кутилмаларга таъсири бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 25 апрелга белгиланган.

Мавзуга оид