Ўзбекистон Марказий банки Бошқарувининг 15 январдаги қарори билан, “Yangi bank” АЖ фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.
“Мазкур қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали миқдорини қонунчиликда белгиланган энг кам талаблар даражасига етказилмаганлиги, шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган айрим талаблар бажарилмаганлиги сабабли қабул қилинди”, – дейилади МБ ахборотида.
МБ қарори билан, банк фаолиятини белгиланган тартибда тугатиш белгиланди ва тугатиш комиссияси тайинланди.
Регуляторнинг қайд этишича, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, банк устав капиталининг энг кам миқдори 2025 йил 1 январдан бошлаб 500 млрд сўмни ташкил этиши лозим. Бироқ 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, “Yangi bank” АЖнинг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил этган.
Омонатчилар – 32 мингдан ортиқ
“Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардаги омонатлари давлат томонидан қонунчиликда белгиланган миқдорда кафолатланади. Кафолат доирасидаги компенсация миқдори 2025 йилда 200 млн сўмгача пасайтирилган.
Марказий банкка кўра, Yangi bank омонатчиларининг кафолатланган омонатлари бўйича компенсация қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан тўланади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчининг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади (омонатлар тўлаб берилиши бўйича ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади), 373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.
2025 йил 1 декабр










