2025 йил декабр ойида Ўзбекистон аҳолиси сезган йиллик инфляция даражаси ноябр ойига нисбатан 0,2 фоиз бандга ошиб, 12,0 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Сўровномада 3800 дан ортиқ респондент иштирок этган. Улар берган жавобларга қараганда, сезилган инфляция Тошкент шаҳрида энг юқори – 14,3 фоизни, Қашқадарё вилоятида 14,1 фоизни, Тошкент вилоятида 13,8 фоизни ташкил этган.

Хоразмликлар эса нарх-наво ошишини ҳаммадан ҳам камроқ сезишган – 10,4 фоиз. Самарқанд вилоятида яшовчилар 10,6 фоиз, Жиззах вилояти аҳолиси 10,9 фоизлик инфляцияни ҳис этишган.

Декабр ойида аҳоли томонидан нархларида юқори ўсиш кузатилган асосий товар ва хизматлар қуйидагилар: гўшт ва сут, бензин ва ёқилғи, мева ва сабзавотлар, электр ва табиий газ, дорилар, шунингдек, йўлкира ва ташиш хизматлари.

Даромадлари 2 млн сўмгача бўлган аҳоли қатлами энг кам – 10,5 фоизлик инфляцияни сезган бўлса, 20 млн сўмдан кўпроқ даромад топувчилар охирги 12 ойда нарх-наво 17 фоиздан кўпроққа ошди деб ҳисобламоқда.

Аҳолининг 2026 йил учун инфляцион кутилмалари 11,5 фоизни ташкил этяпти. Бизнес вакиллари эса жорий йилда 11,1 фоизлик инфляцияни тахмин қилмоқда.

Аввалроқ Статистика қўмитаси 2025 йилда инфляция 7,3 фоизга тушганини қайд этиб, қайси маҳсулот қанчага арзонлашгани ёки қимматлашганини маълум қилганди.